ТОҒ-ВОДИЙ ШАМОЛЛАРИ — тоғ ли жойлардаги ўз йўналишини суткада икки марта ўзгартирувчи шамоллар. Кундузи водий шамоли водий ва ён бағир бўйлаб юқорига, кечаси тоғ шамоли пастга томон эсади. Тоғ-водий шамоллари тоғ тепаси билан атрофдаги текисликлардаги атмосферанинг исиши ва совиши ўртасидаги тафовут натижасида юзага келадиган маҳаллий циркуляциядир. Кундузи ҳаво тоғ ва водийларда ўша баландликдаги текисликлардагига нисбатан кучлироқ исийди ва кўпроқ кенгаяди. Шу сабабли тепада тоғдан текисликка томон босим пасаяди ва ҳаво оқими ҳам ўша томонга ҳаракатланади. Ҳавонинг тепадан текисликка қараб шундай оқиши орқасида пастда текисликдан тоғ томонга қараб босим пасаяди ва натижада юқорига водий шамоли эсади. Кечаси тра ва босим аксинча ўзгаради ва шу сабабли тог шамоли пайдо бўлади. Тоғлар ва водийлар ўртасидаги бу айланма ҳаракат билан бирга кечаси совиган ҳаво тоғ ён бағирлари бўйлаб пастга тушади, кундузи эса исиган ҳаво юқорига кўтарилади. Тоғ-водий шамоллари тезлиги катта бўлмайди, баъзан 10 м/сек. га етиши мумкин. Тоғ-водий шамоллари ўртача кенгликларда, асосан, ёзда эсади, қуйи кенгликларда эса, йил бўйи давом этиши мумкин. Баъзан фақат кундузги (водий) ёки фақат тунги (тоғ) шамол эсади. Баланд тоғларда Тоғ-водий шамоллари атмосферанинг 1 км ва ундан қалин қатламини ўз ичига олади. Ундан тепада тескари шамол эсади. Тоғ-водий шамоллари суткалик намлик, булут миқдори ва ёғингарчиликка катта таъсир кўрсатади (яна қ. Шамол).