ВЕЗЕР — Германия шим. даги дарё, Шимолий денгизга қуйилади. Верра ва Фульда дарёларининг Мюнден ш. ёнида қўшилишидан ҳосил бўлган. Уз. 440 км (ирмоғи Верра бошидан ҳисоблаганда 724 км); энг катта ирмоғи — Аллер. Ҳавзасининг майд. 46 минг км2. Қор ва ёмғир сувларидан тўйинади. Баҳорда тошади. Ўртача йиллик сув сарфи қуйи оқимида 312 м3/сек. Кичикроқ ГЭСлар қурилган. Қуйилиш жойидан юқорига томон кема 529 км масофада (Кассель ш. гача), денгиз кемалари эса Бремен ш. гача қатнай олади. Эльба ва Эмс дарёлари билан каналлар орқали боғланган. Дарё бўйида йирик денгиз порти Бремерхафен жойлашган.