ТРАВМАТОЛОГИЯ (юн. travmatos — яра, жароҳат, шикастланганлик ва… логия) — аъзо ва тўқималарнинг механик шикастланиши, уларнинг олдини олиш ва даволаш йўлларини ўрганадиган фан. Т. хирургиянинг турли соҳалари (нейрохирургия, кўкрак хирургияси) ҳамда организм таянч ва ҳаракат аъзолари (суяк, бўғим, мускул, пайлар) ва тери шикастлари ва б. масалаларни уз ичига олади. Травматология ортопедия билан бирга мустақил фан қисобланади.
Инсоният тарихида тиббиёт аввало жароҳатларни даволашдан бошланган, шунинг учун Травматологияни тиббиётнинг барча соҳалари ичида энг кўҳнаси дейиш мумкин. Қад. Миср мумиёлари ва б. археологик топилмаларни ўрганиш шуни кўрсатадики, милоддан бир неча минг йил илгари яшаган одамлар синган суякларни маҳкамлашнинг содда усулларини билишган. Травматологиянинг илк илмий асослари Гиппократ асарларида келтирилган. Мас., у елка суяги чиқишларини жойига солишнинг бир неча усулларини, суяк синганда репозиция ва иммобилизация қилиш йўлларини таклиф этган. Ўрта асрларда Травматологиянинг ривожланиши Абу Али ибн Сино номи билан боғлиқ. Унинг «Тиб қонунлари» асарида юмшоқ тўқималар жароҳатларини, суяк синишлари ва чиқишларини даволаш ҳақида батафсил ёзилган. Француз олими Амбруаз Паре ҳам Травматологиянинг шаклланишига ўз ҳиссасини қўшган. 18—19-а. ларда Травматологиянинг ривожи Ғарбий Европа врачлари Ж. Мальген, Г. Дюпюитрен, Т. Кохер, Л. Белер, Г. Кюнчер, рус врачи Н. И. Пирогов номлари билан боғлиқ.
Ўзбекистонда бу соха фан сифатида 20-й. лардан ривожлана бошлади. 1926 й. да Ўрта Осиё унтининг тиббиёт фтида суяк сили ва ортопедия доцентлик курси жорий этилиши, 1930 й. да Физиотерапия интида ортопедия клиникаси очилиши, унинг 1932 й. да Ортопедия, травматология ва суяк сили и. т. институтига айлантирилиши травматология ва ортопедия муаммолари устидаги тадқиқот ишларининг ривожланишига имкон берди.
Инт уруш даврида ёпилди, 1946 й. да Травматология ва ортопедия институти сифатида ташкил этилди.
20-а. да ўтган бир неча урушлар Травматологияда янгиянги даволаш усулларининг қўлланилишига, илмий-техник ютуқлар эса жароҳатларни аниқлаш ва даволаш учун янги аппаратлар ва материалларнинг кашф этилишига олиб келди. Интра ва экстрамедулляр остеосинтез, стерженли ва сихли компрессиондистракцион аппаратларнинг яратилиши, стабилфункционал остеосинтезнинг қўлланилиши, техника ютукларидан кенг фойдаланиш замонавий Травматологиянинг ривожланишига асос бўдди.
Рентген нурларининг кашф этилиши Травматологиянинг жадал ривожланиши учун туртки бўлди, ҳозиргача рентген Травматологияда асосий текшириш усули ҳисобланади.
Қадимдан жароҳатларни даволашда табиблар Шарқ табобати усулларидан фойдаланиб келганлар. Урушдан кейинги йилларда олиб борилган илмий ишлар, асосан, ҳарбий жароҳатлар ва уларнинг остеомиелит, сохта бўғим, чўлтоқ каби асоратларини даволаш, протезлаш соҳаларига тааллуқли бўлди.
Ўзбек олимлари томонидан чўлтоқликларни ва жароҳатларни даволашда суяк пластикаси қилиш (Н. М. Шоматов), жароҳатларни даволашда Шарқ табобати усулларини қўллаш, хусусан, мумиёи асл билан синиқ ва яраларни даволаш (О. Ш. Шокиров), саноат ва қ. х. да травматизм муаммоларини ўрганиш (Б. И. Берлинер, Н. Д. Исабоев), шол касаллиги асоратларини даволаш (И. X. Эшонхўжаев, Н. Ф. Файзуллаев) йўлида и. т. лар олиб борилди. Қўлоёқларнинг куйишдан кейинги шакл ўзгаришларини тери пластикаси ёрдамида даволаш (Б. М. Миразимов), болалар церебрал фалажи ва суяк синишини (Ў. С. Исломбеков), остеомиелит касаллигини (Ш. Ш. Ҳамраев) даволаш бўйича қилинган илмий ишлар Республикада Травматология ва ортопедия фанининг ривожланишида катта роль ўйнади, ҳоз. мавжуд бўлган барча тиббиёт интларида Травматология кафедралари ва ихтисослаштирилган илмийамалий марказлар фаолият кўрсатади.
Замонавий Травматологиянинг асосий вазифаси шикастланган тўқима ва органлардаги ўзгаришлар патогенезини ўрганиш, жароҳатларни диагностика қилиш ва даволаш усулларини такомиллаштириш, янгидан ишлаб чиқиш ҳамда асоратларнинг олдини олишдан иборат.
Мирҳаким Азизов.