ТРАНСЛЯЦИЯ (лот. translatio — узатиш) — 1) воқеа юз бераётган жой (театр, концерт зали, стадион, байрам маросимлари)дан радиоэшиттириш ва телекўрсатувларни студиядан ташқарида бевосита эшиттириш ёки кўрсатиш, шунингдек, бошқа шаҳарлардан халқаро алоқа линиялари бўйича келадиган дастурларни маҳаллий радиостанция ёки телестанциядан узатиш. Радио Т. да воқеа юз бераётган жойга микрофон ўрнатилади, ундан келаётган радиосигналлар студиядан ташқаридаги махсус аппаратхона (транспункт)да қайта ишланиб, эфирга узатилади. Аппаратхонада кучайтирувчи, овоз ёзиб олувчи, коммутацияловчи (қ. Коммутация), ўлчовли аппаратлар ва б. жиҳозлар бўлади. Телевизион Трансляция кўчма телевизион стя орқали амалга оширилади. Баъзи объектларда, худди радио Трансляция даги каби, телевизион транспунктлар ташкил қилинади;
2) электр алоқада (ретрансляция) алоқа трактининг оралиқ пунктларида сим орқали келадиган электр сигналларни ёки радиосигналларни қабул қилиб ва қайта ишлаб, манбадан истеъмолчи томон йўналишда узатиш; бунда кучеиз сигналларни кучайтириш ҳам мумкин. Бундай Трансляция дан, асосан, узоқ масофали алоқани (мас., ердаги стялар орасида космик алоқани, ердаги стялар билан космик кема орасидаги алокани) ташкил қилишда фойдаланилади. Бунда оралиқ кучайтирувчи қурилмалар, ретрансляторлар ва б. қурилмалар қўлланади;
3) алоқанинг масофасини ошириш учун электр сигналларни узатиш занжирига уланадиган оралиқ қурилма (мас., телеграф алоқада — регенератив Трансляция);
4) симли радиоэшиттиришнинг эскирган номи;
5) ЭҲМ (компьютер) учун тузилган дастур баёнини бир программалаш тилидан иккинчисига, мас., машина тилига ўтказиш; 6) физ. ёки мат. объектни фазода ўзига параллел равишда тўғри чизиқ (Т. ўқи) бўйлаб маълум масофага кўчириш.