ВЕНГЕРЛАР (ўзларини мадьяр деб аташади) — халқ, Венгриянинг асосий аҳолиси (9,95 млн. киши). Руминия (1,86 млн. киши), Словакия (580 минг киши), Югославия (400 минг киши), АҚШ (600 минг киши), Канада (120 минг киши) да ҳам яшайдилар. Умумий сони 13,83 млн. киши (1990-й. лар ўрталари). Венгер тилида сўзлашади. Диндорлари асосан католиклар.
Милоднинг бошларида ҳоз. Венгрия ҳудудида кельт қабилалари, кейинчалик готлар, гуннлар, аварлар, 6-а. дан бошлаб славян қабилалари келиб жойлаша бошлаган. 9-а. охирида ҳоз. Венгрияни ташкил этган минтақаларни туркий уғир (угор) ларга мансуб мажор (мадьяр) ёки хунгар (венгер) кўчманчи чорвадор қабилалари забт этган. Бу қабилалар дастлаб Кама дарёсининг ўрта ва қуйи оқими бўйларида яшаб, сўнгра Қора денгиз соҳилларига кўчиб боришган, у ердан уларни бижанақлар (печенеглар) сиқиб чиқаришган. 10-а. да ташкил топган илк венгер давлати (Венгрия қироллиги) доирасида мадьярлар Дунайдаги славянлар ва б. қабилалар билан аралашиб венгер элати ташкил топган.