ВЕРДИ (Verdi) Жузеппе (1813. 10. 10, Парма, Ронколе қишлоғи — 1901. 27.1, Милан) — итальян композитори, опера жанрининг йирик устаси. 7 ёшидан мусиқадан сабоқ олган. 15 ёшида ибодатхонада органчи, оркестр дирижёри бўлиб, Буссето ш. да концертлар ташкил қилган. У ўз асарларида қаҳрамонларнинг ички дунёсини чуқур очишга, инсон қадр-қимматини, ҳақ-ҳуқуқини ҳимоя қилишга интилган, жамиятдаги ижтимоий иллатларни фош қилган. «Риголетто» (1851), «Трубадур» (1853), «Травиата» (1853) каби операларида инсонпарварлик ғоялари юксак эҳтирос билан олға сурилган. Услубида жўшқин, ҳаяжонли мусиқа ривожи билан оҳангдор куйлар, ёрқин ҳамда содда ифодавий воситалар уйғунлашган. «Бал-маскарад» (1859), «Дон Карлос» (1867), «Аида» (1870) опералари Верди ижодининг чўққисидир. Верди Шекспир асарлари асосида яратилган иккита нодир операси («Отелло» мусиқали фожиаси, 1886; «Фальстаф» комик операси, 1892) да янги, муттасил мусиқа ривожига асосланган услуб намоён бўлган, опера жанри ислоҳ қилинган. Верди асарлари жаҳон театрлари репертуаридан муносиб ўрин олган. Ўзбекистонда ҳам «Риголетто», «Аида», «Травиата», «Трубадур» каби опералари саҳнага қўйилган.