ТРЕСКАСИМОНЛАР (Gaditae) баликлар оиласи. 21 уруғга бирлашган 53 тури бор. Атлантика океанининг илиқ қисмидаги денгизларда кўп. Тинч океан шим. да, Арктика денгизларида, Жан. ярим шарнинг мўътадил зонасидаги сувларда камроқ, бир тури Европа, Шим. Осиё ва Шим. Америка нинг чучук сувларида тарқалган. Йирик Трескасимонлар (треска, мерлуза, сайда) йиртқич. Асосан, баликлар, майда Трескасимонлар (сайка) планктон қисқичбақасимонлар, баъзилар (пикша) сув тубидаги умуртқасиз ҳайвонлар билан озиқланади. Кўпчилик Трескасимонлар тўдатўда бўлиб озиқ излаб ёки кўпайиш жойларига кўчиб юради; йилнинг совуқ даврида кўпаяди. Трескасимонлар муҳим хўжалик аҳамиятига эга. Гўшти ёғсиз, жигарида тўпланган мойдан витаминга бой балиқ мойи тайёрланади. Трескасимонлар дунё миқёсида овланадиган балиқларнинг 15% ини ташкил этади. Кенг тарқалган тури тресканинг уз. 180 см гача, оғирлиги 40 кг ча. Бир нечта кенжа тури бор, шундан атлантика Трескасимонлари Шим. Норвегия, Гренландия, Баренц денгизлари ва б. да, болтик Трескасимонлари Болтик,денгизида, оқ денгиз Т. и Оқ денгизда, тинч океан Т. и Тинч океаннинг Осиё ва Шим. Америка қирғоқларида учрайди. Трескасимонлар, одатда, 300 м ча чуқурликда яшайди. Овланади. Муҳим хужалик аҳамиятига эга.