ТРИЛОГИЯ (юн. tri — уч, logos — сўз) — умумий мазмуни, ғояси, асосий қаҳрамонлари, сюжет чизиғининг ўзаро алоқадорлиги, боғлиқлиги билан бир бутунликни, яхлитликни ташкил этувчи уч мустақил асар. Т. характеридаги асарларнинг энг дастлабкилари Юнонистонда юзага келган. Эврипид, Эсхил, Софокл каби юнон трагедиянавислари илк драматик Трилогиялар яратганлар. Мас., «Занжирбанд Прометей», «Орестея», «Фиванинг етти душмани» сингари асарлар шулар жумласидандир. Кейинчалик жаҳон адабиётида (Бомарше, Ф. Шиллер, Л. Н. Толстой, С. Т. Аксаков ва б.) драматик ва насрий Трилогия ларнинг хилмахил намуналари яратилди.
Ўзбек адабиётида ҳам Трилогия жанрида асарлар яратилмоқда. М. Исмоилийнинг «Фарғона тонг отгунча», Сайд Аҳмаднинг «Уфқ» («Қирқ беш кун», «Ҳижрон кунлари», «Уфқ бўсағасида») асари Трилогия жанрининг намуналаридир. Лирик асарларга нисбатан «Трилогия» термини кам қўлланади.