ВЕРХАРН (Verhaeren) Эмиль (1855.21.5, Сент Аман — 1916.27.11, Руан) — бельгиялик шоир, драматург, танқидчи. Француз тилида ижод қилган. Лувен ун-ти юридик ф-тини тугатган. «Роҳиблар» (1886) тўпламида ўрта асрлардаги роҳибларнинг ёрқин йиғма образи берилган. «Оқшомлар» (1887), «Ҳалокат» (1888), «Қора машъаллар» (1890) асарлари декадентлик шеърияти руҳига яқин, буларда турмушни фожиавий тасаввур этиш кучли. «Телба қишлоқлар» (1893), «Ғала-ғовур шаҳарлар» (1895) тўпламларида ижтимоий зиддиятларнинг (шу жумладан, шаҳар ва қишлоқ ўртасидаги зиддиятларнинг ҳам) ҳалокатли эканлигини англаш ифодаланган. «Турмуш қирралари» (1899), «Бебош кучлар» (1902), «Ранг-баранг ёғду» (1906) ва б. тўпламларидаги шеърларида Верхарн инсоннинг яратувчилик фаолиятини, ижодни, севги ва қатъиятни тараннум этади. Верхарннинг ишчилар ҳаётидан ёзилган «Шафақлар» пьесаси (1898), атоқли рассомлар (X. Рембрандт, 1904; П. Рубенс, 1910) ва ёзувчилар (У. Шекспир, Ж. Расин, Верхарн Гюго) ҳақида и. т. лари бор.