ТРОПИК МИНТАҚАЛАР — Шим. ва Жан. ярим шарларда субтропик ва субэкваториал минтақалар оралиғида жойлашган 2 географик минтақа. Т. п. нинг материк қисми учун чўл ва чала чўл ландшафти, океанларга эса сувнинг шўрлиги (37%о) ва юқори траси хос. Тропик минтақаларда қуёш нурлари тик тушгани ва булутнинг кам бўлганидан қуёш радиацияси кўп. Натижада ҳарорат йил бўйи юқори бўлади. Энг иссиқ ойнинг ўртача траси қуруқликларда 30—35°, энг совуқ ойники 10° дан пастга тушмайди. Йиллик ёғин 50—200 мм (фақат шарқий океан бўйи муссонли зонасида 1000—2000 мм гача). Материкларда Тропик минтақаларнинг қуйидаги секторлари: сернам ўрмон ландшафтли шарқий океанбўйи, сийрак ўрмон ва бутазорлардан иборат шарқий ўтиш, чўл ва чала чўл ландшафти устун бўлган материк ичкарисидаги ва ғарбий океанбўйи секторлари фарқ қилинади. Шарқдан ғарбга борган сари ўсимликлар дунёси ҳам ўзгариб боради: аралаш (доим яшил ва барг тўкувчи) ўрмонлар, муссонли ўрмонлар (қ. Тропик ўрмонлар), сийрак ўрмон ва саванналар, қуруқ ўрмон ва ксерофил буталар, чала чўл ва чўл ўсимликларига ўтиб боради. Мувофиқ равишда фаунаси ҳам ўзгаради. Океан ва денгиз сувларида буғланиш кўп бўлганлиги сабабли кислород ва планктонлар сийрак. Тропик минтақалар даги кўпчилик ерлар хўжалик жиҳатидан кам ўзлаштирилган, аҳоли сийрак.