ТРОПИК ЎСИМЛИКЛАР — Ер шарининг тропик минтақаларида ўсадиган ўсимликлар. Тропик минтақада қўнғирбошлар, дуккакдошлар, зиғирдошлар, сутламадошлар, соябондошлар, лабгулдошлар, шўрагуллилар ва б. ботаник оилаларга мансуб ўсимликлар мавжуд. Қ. х. да экиладиган ўсимликлар: дон экинлари — буғдой, арпа, шоли, маккажўхори, шарик, жўхори; дуккакли дон экинлари — ловия, соя, долихос, каптар ловияси, канавалия; мойли экинлар — махсар, зиғир, ерёнғоқ, кунжут; эфирмойли — кашнич, арпабодиён, қора зира, оқ зира, ажгон — ҳинд қора зираси, ялпиз, райхон, маврак, лаванда; мойли экинлар — атиргул, ёронгул, йирикгулли ясмин; туганакмевали экинлар — картошка, батат, маниок, ямс, таро; техника экинлари — шакарқамиш, ғўза, толали наша, жут, каноп, сизал, тамаки, пиретрум; дарахт ва бутасимонлар — чой, кофе, пальма; каучукли экинлар — гевея; цитрус мевалилар; емхашак ўтлар.
Тропик ўсимликларнинг айрим биологик хусусиятлари, жумладан, иссиқсеварлиги, намсеварлиги, қисқа кунли ва аксарият ҳолда нордон тупроқларда ўсиши ўзаро ўхшаш.
Холима Отабоева.