ВИНДИКАЦИЯ (лот. vindicatio – талаб қилиб олиш) — мол-мулкни бошқа шахснинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олиш. Мулк бирон-бир шахс (фукаро ёки юридик шахс)нинг қонунсиз эгалигида бўлса, мулк эгаси ўз мулкини натура (асли) ҳолатида қайтариш ҳақида бу шахсга нисбатан судда даъво қўзғатишга, ўз мол-мулкини унинг қонунсиз эгалигидан талаб қилиб олишга ҳакли.
Мол-мулкни талаб қилиб олинганда даромадлар ва харажатларни тўлаш тартиби тегишли қонунларда белгилаб берилган (ЎзР ФК, 228—230-моддалар).