ВИР КИШМИШИ — эртапишар хўраки, майизбоп узум нави. Ҳоз. Ўзбекистон ўсимликшунослик ин-тида Бабари ва Қора кишмиш навларини ўзаро чатиштириб чиқарилган. Тупи кучли ўсади. Гули икки жинсли. Барги катта (бўйи ва эни 20—22 см), тўгарак, беш бўлакчали, ўртача кертикли, тўқ яшил, туксиз, чети арра тишли. Узум боши ўртача цилиндр-конуссимон, банди калта, ўртача тиғиз, оғирлиги 350—360 г. Ғужуми ўртача, тухумсимон шаклда, яшилсимон сариқ, этдор, сершира, уруғи йўқ, пўсти юпқа. Авг. ўрталарида пишади. Таркибидаги қанд 23—25%. Ҳосилдорлиги 200—250 ц/ га. Ўзбекистоннинг барча вилоятларида ўстирилади.