ВИРУСЛИ КАСАЛЛИКЛАР, вирозлар — вируслар қўзғатадиган касалликлар. Вирусли касалликларга одам, ҳайвон ва ўсимликларда учрайдиган жуда кўп юқумли касалликлар киради. Одамларда вируслар қўзғатадиган грипп, қизамиқ, сув чечак ва чин чечак, вирусли гепатит, полиомиелит, энцефалит, қутуриш, геморрагик иситма каби касалликлар бирмунча мукаммал ўрганилган. Купинча тери касалликларини ҳам вируслар пайдо қилиши аниқланган.
Ҳайвонларнинг Вирусли касалликлар ига киров (оқсим), ўлат, орнитоз, пситтакоз, паррандалар гриппи, Ньюкасл касаллиги, Руфт водийси иситмаси, қўйларнинг катарал иситмаси ва б. киради. Улар эпизоотиялар шаклида кечиб, катта иқтисодий зарар етказади.
Ўсимликларда Вирусли касалликлар ғоят хилма-хиллиги билан ажралиб туради. Кўпгина к,, х. экинлари (айниқса, вегетатив йўл билан кўпаядиганлари) касалланади. Вирозлар бошоқли ўсимликлар, картошка, мевали, сабзавот, резавор мевали ва б. ўсимликларга энг кўп зарар келтиради. Кўпинча, ўсимлик ҳосилининг камайишига ва сифатининг пасайишига сабаб бўлади. Мас., буғдой, арпа ва б. ўсимликларга ғумбакланиш вируси эрта юққанда бошоқлар пуч бўлади; вирусли мозаика билан касалланган кузги буғдой умуман ҳосил бермайди. Кўпчилик Вирусли касалликлар қишлоқ хўжалигида яқиндан бери (20-а.) салбий аҳамиятга эга бўлиб келмоқда. Вирусли касалликлар ўсимлик организмида чуқур ўзгаришларга сабаб бўлади. Энг характерли ўзгаришлар ассимиляция аппаратида юз беради. Ассимиляция маҳсулотлари илдиз, илдизмева, туганак (кўп йиллик ўсимлик турларида қишловчи орган бўлиб, одатда, уларда озиқ моддалар сақланади) ва ўсимликнинг бошқа кисмларига етиб бормайди. Умуман, ўсимликлар қатор анатомик ва морфологик ўзгаришларга учрайди. Натижада ўсимлик ривожланиши сусаяди ва умумий ҳолати ёмонлашиб, «насл айниш аломатлари» кузатилади. Ассимиляция маҳсулотларининг барглардан оқиши ушланиб қолиши туфайли баргда крахмал кўпайиб кетади. Касалликнинг ўзгариш характерига кўра В. к. икки гуруҳ: мозаикалар ва сариқларга бўлинади. Мозаикаларнинг асосий белгиси — барг рангининг олачипор бўлиши (мас., тамаки, картошка, помидор, лавлаги ва б. мозаикаси); бунга хлорофилли аппаратдаги ўзгаришлар сабаб бўлади. Сариқ касали учун умумий хлороз (баргнинг рангсизланиши), ўсишнинг бузилиши, кўпинча паканалик характерли; баргларнинг буралиши, буришиши, уларда углеводларнинг ҳаддан ташқари тўпланиши натижасида барглар дағал ва мўрт бўлиб қолади (бошоқлилардаги ғумбакланиш, ғуза, картошка барглари буралиши ва б. да).
Кўпгина Вирусли касалликларни ҳашаротлар (ўсимлик битлари, цикадалар, трипелар, оққанотлар, қандалалар ва б.), баъзиларини (буғдойнинг тарам-тарам мозаикаси ва б.) каналар тарқатади. Инфекция касал ўсимликдан соғломига бир-бирига текканида, бир-бирини енгил жароҳатлаганда (мас., шамол таъсирида) ўтиши ҳам мумкин. Вирусли касалликларнинг деярли ҳаммаси ўсимлик жинссиз кўпайганда авлодга осонгина ўтади. Ўсимликларнинг вирусларга нисбатан ўта сезгирлиги амалда катта аҳамиятга эга. Бунда инфекция тўқиманинг маълум бир қисмидагина бўлиб, бошқа ерга тарқалмайди ва ўсимликнинг умумий касалланиши рўй бермайди. Ҳимоя чораларини қўллаш учун Вирусли касалликлар белгиларини аниқлаш зарур. Диагноз қўйишда касаллик белгилари, ҳужайра ичидаги таркибий қисм шакли, серологик реакция, касалликнинг юқумлилиги, вирус қисмларининг морфологияси, касалланган ўсимлик ширасини бактериологик фильтрдан ўтиши ва б. ҳисобга олинади.
Касалликнинг олдини олиш ва кураш чоралари: агротехник чора-тадбирлар; вирус ташувчи ҳашаротларга қарши кураш; вирусга чидамли ёки ўта сезгир навларни экиш (қ. Ўсимликларни ҳимоя қилиш).
Ад.: Вирусные болезни растений, М., 1967; Вирусные болезни сельскохозяйственных растений, Л., 1974.
Султон Алимуҳамедов.