ВИСКОЗИМЕТР (лот. viscosus — қовушоқ ва…метр) — суюқлик ва газларнинг қовушоқлигини аниқлайдиган асбоб (қ. Қовушоқлик). Капилляр, ротацион, шарчали, ультратовуш В. лари кенг тарқалган. Капилляр Вискозиметрнинг иши ингичка думалоқ найча (капилляр)дан маълум ҳажмли (миқдорли) суюқлик ёки газни ўтказиб кўришга асосланган. Ротацион Вискозиметрда синаладиган қовушоқ модда икки ўқдош жисм (цилиндрлар, конуслар, сферик жисмлар) орасидаги тирқишга солинади. Жисмлардан бири (ротор) айланади, иккинчиси қўзғалмай туради. Қовушоқлик буровчи моментга (бурчак тезлиги маълум) ёки бурчак тезлигига (буровчи момент маълум) қараб аниқланади. Шарчали Вискозиметрда қовушоқлик синалаётган модда ичида шарнинг ҳаракатланиш тезлигига қараб аниқланади. Ультратовуш Вискозиметрнинг иши магнитострикцион материалдан ясалган ва синалаётган модда ичига солинган пластинка тебранишларининг модда ичида сўниш тезлигини ўлчашга асосланган. Бу В. лар қовушоқликни динамик (Пас.) ва кинематик (м2/с) қовушоқлик бирликларида ифодалашга имкон беради. Суюқликларнинг қовушоқлигини шартли бирликларда ўлчашга имкон берадиган Вискозиметр ҳам бор. Бундай Вискозиметр даражаларга бўлинган найчали идишдан иборат. Бундай Вискозиметрда қовушоқлик муайян вақг мобайнида найчадан оқиб ўтган суюқлик ҳажмига қараб аниқланади. Бунда қовушоқлик секунд (с)да ва Энглер градусидя ўлчанади.