ВИТИМ (юқори қисмида — Витимкан) — Шарқий Сибирдаги дарё, Ленанинг йирик ўнг ирмоғи. Икат тизмасининг шарқий ён бағридан бошланади. Уз. 1837 км, ҳавзасининг майд. 225 минг км2. Юқори ва ўрта қисмида жан.-шарқ ва шарқдан Витим ясситоғларини айланиб, қуйи қисмида эса Становой тоглиги ва Патом тоғлиги ўртасидан оқиб ўтади. Тоғлар орасидан чиққач, дарё водийси кенгаяди; қуйилиш жойида каттагина дельта ҳосил қилган. Витим, асосан, ёмғир, қисман қор ва грунт сувларидан тўйинади. Ўртача сув сарфи 1520 м3/сек. Витим ноябрь бошларидан майнинг ўрталаригача музлаб ётади. Витимда қуйилиш жойидан Бодайбо ш. гача (300 км) кема қатнайди. Витим ҳавзасида олтин ва слюда конлари бор.