ВОБКЕНТ МИНОРАСИ — Бухоро вилояти Вобкент ш. даги меъморий ёдгорлик (12-а.). Ўн икки қиррали супа асосга ўрнатилган ғўла (қуйи қисмининг диаметри 6,19 м, юқори қисминики — 2,81 м) шаклида рангдор, пишиқ ғиштлардан қурилган. Бир пайтлар ёнида мавжуд бўлган масжид томонидан кириб, юқорига айланма зинапоя орқали чиқилган. Бўртма нақшли 10 белбоғ билан қисмларга ажратилган, ҳар бир қисми бир-бирига ўхшамайдиган қилиб ғишт териб нақшланган, қуйисидаги нақшлар орасида қурилган йили ва қурдирган шахс (Садр Бурҳониддин Абдулазиз II) нинг номи куфий услубида ёзилган. Миноранинг учи кенгайтирилиб, қафаса ишланган (диаметри 3,66 м), ғишт териб ишланган 10 равоқ орасида 10 дарча ҳосил қилинган, дарчаларнинг қуйиси ғишт панжара билан тўсилган. Миноранинг ташқи кўриниши кўп жиҳатдан Минораи калонга ўхшайди, лекин муқарнаслари анча содда. Минора супаси тупроқ остида қолган, қурилган пайтида унинг бал. 2,3 м бўлганини археологик тадқиқотлар кўрсатади. Миноранинг умумий баландлиги эса 40,3 м.