ТУРУХТАН (Philomachus pugnax) — балчиқчилар туркумига мансуб қуш. Танаси 26 см ча. Нарининг қаноти 17,5 — 19 см, оғирлиги 184 г ча, модасининг қаноти 14—16,5 см, оғирлиги 108 г ча. Урчиш даврида нарининг бўйин ва боши орқасидан рангбаранг тусда узун патлар ўсиб чиқади. Модаси бир оз одмироқ. Урчиш даври тугагач, иккала жинс бир-бирига ўхшаш тусга киради. Европа ва Осиёнинг шим. ҳамда мўътадил минтақаларида уя қуради. Жан. ва тропик Африкада, шунингдек, Жан. Осиёда қишлайди. Турухтан — полигам куш. 4 та тухум қўяди. 22—23 кун босади. Майда умуртқасиз ҳайвонлар, ўсимлик уруғлари билан озикданади. Гўшти мазали. Овланади. Ўзбекистонда миграция даврида учрайди.