ВОҲИДОВ Шавкат (1932.11.10, Самарқанд) — физик олим, Ўзбекистан ФА акад. (2000), Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби (1982), «Коинот» илмий и. ч. бошқармаси Бош директори (1980 й. дан). Ўзбекистон Республикаси Космонавтика федерацияси президенти (1987 й. дан), иқтидорли мактаб ўқувчилари Халқаро аэрокосмик мактаби ташкилотчиси ва раҳбари (1990 й. дан). Илмий ишлари қаттиқ жисмлар физикаси, космонавтика, спектроскопия, кристаллография, радиотехника ва алоқа, асбобсозликка оид. Воҳидов раҳбарлигида орбитадаги сунъий йўлдошларга метеорлар, фазодаги чиқиндилар ёки махсус жисмлар билан таъсир кўрсатилганда шу ҳодиса қачон ва қаерда содир бўлганлигидан хабар берадиган ихчам йўлдош, шунингдек табиий офатлар (сел, қор уюмининг кўчиши ва б.) юз беришидан хабар берадиган ва олдини оладиган асбоблар, қ. х. ускуналари яратилди.