ТЎҚҚАЛЪА — археологик ёдгорликлар мажмуаси (мил. ав. 4-а. — мил. 13а.). Нукус ш. дан 14 км шим. ғарбда, кичик табиий Тўқтов тепалигида жойлашган. Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон филиали тарих, тил ва адабиёт интининг Тўққалъа археологик экспедицияси томонидан ўрганилган (1958 — 65). Ёдгорлик антик, илк ўрта аср шаҳар харобаси қолдиқлари ва қабристондан ташкил топган. Тўққалъанинг қад. қисмида қалъа қолдиқлари, буржлар, хоналар (эни 3 м, уз. 5,5 м), йўлаклар чиққан. Сопол буюмларига кўра, Тўққалъанинг бу қисми мил. ав. 4—2-а. ларга оид. У антик Хоразмнинг шим. ғарбий ҳудудларидаги давлат чегара истеҳкоми бўлган. Қалъа ҳарбий ҳаракатлар пайтида вайрон этилган. Бир оз танаффусдан сўнг Тўққалъада ҳаёт қайта жонланган, турар жойлар вужудга келган. Шим. ғарбий девор ўртасидаги хоналар остидан сопол қувурлар топилган. Тўққалъа дан, шунингдек, 7 —8-а. ларга оид сопол идишлар, темирдан ясалган меҳнат қуроллари, мис тангалар (аксарияти Кардор ҳукмдори Хусравга тааллуқли, шунингдек, Хоразмшоҳлар ва Суғд тангалари) чиққан. Улар Кардор маданиятининг сўнгги босқичига оид. Қабристон Тўқтов тепалигининг шарқий ва шим. ёнбағирларида жойлашган.
Ундан кўплаб оссуарийлар топилиб, унинг деворларида хоразмий ёзувида битилган қабр ёзувлари (эпитафия), турли диний рамзлар сақланган (мил. 7-а. охири — 8-а.). Оссуарийлар устида ўрта аср (8-а. 2 ярми — 14-а.) қабристони жойлашган.
Шихназар Матрасулов.