ХАЛҚ ЛАШКАРЛАРИ — қадимда ва ўрта асрларда уруш вақтида фуқаролардан (асосан, кўнгиллилардан) ташкил топадиган ҳарбий тузилмалар; чет эл босқинчиларига қарши кураш учун кенг халқ оммасини жалб килиш шаклларидан бири. Халқ лашкарлари деярли барча халқлар тарихида жуда қадимдан маълум. Бир давлат бошқа бир давлатга ҳужум қилганида босқинчиликка учраган мамлакат халқи ўз ватанини мудофаа қилиш учун қўлига қурол олган ва мунтазам қўшинлар билан бир қаторда душманга қарши курашган. Халқ лашкарлари кўнгилли ватанпарварлардан ташкил топганлиги билан партизанларга ўхшаб кетсада, улар бир-биридан фарқ қилади: яъни партизанлар душман босиб олган худудда ҳаракат килади, Халқ лашкарлари эса, душман босиб олмаган худудда тузилади.