ХАЛҚАРО ГЕОЛОГИК КОНГРЕССЛАР — геологлар илмий бирлашмаси (IUGS)нинг ҳар 3—4 йилда бир марта ўтказиладиган халқаро анжумани. Халқаро геологик конгрессларга 141 давлат геологларининг миллий қўмиталари (жумладан, Ўзбекистон геологлари Миллий қўмитаси) ҳамда 38 га яқин Ер ҳақидаги фанларнинг тор мутахассисликлари бўйича Халқаро геологик уюшма ва ташкилотлари аъзо. Халқаро геологик конгрессларнинг асосий вазифаси — Ер ҳақидаги фанлар бўйича назарий ва амалий тадқиқотларга ёрдам бериш; минерал хом ашё турларига бўлган эҳтиёжни ўрганиш ва хом ашё билан таъминлаш йўлларини ишлаб чиқиш; конларни ўзлаштириш; ичимлик суви муаммолари; зилзилашунослих ва б. бўйича маълумотлар ва тажриба алмашишдан иборат. 1875 й. да қабул қилинган Низомга мувофиқ, Халқаро геологик конгресслар ҳар сафар навбат билан турли мамлакатларда ўтказилади. 2004 й. гача жами 32 та конгресс бўлиб ўтган; илк бор 1878 й. Парижда — навбатдаги сўнггиси 2004 й. Флоренция (Италия) ш. да бўлиб ўтди. Ҳар бир сессия муайян илмий мавзуга бағишланиб, асосан, инглиз тилида олиб борилади. Унда энг яхши илмий иш учун Спендиаров мукофоти (1897 й. Рус геологи Л. А. Спендиаров хотирасига таъсис этилган) берилади. Анъанага кўра, бу мукофот соҳиби конгресс ўтказилаётган мамлакатнинг энг иқгидорли ёш олими бўлиши керак.