ЙЎРҒА ТУВАЛОҚ (Chlamydotis undulata) — тувалоқсимонлар оиласига мансуб қушларнинг бир тури. Вазни 1,1 кг дан 2,4 кг гача; қаноти 350—450 мм. Бўйнида узун патлардан иборат «ёқа» бўлиши билан бошқа тувалоқлардан фарқ қилади. Патлари сарғиш қум рангида, бошқариш патларида қорамтир қўнғир кўндаланг йўлларининг бўлиши уни чўл шароитида йиртқичлардан пана қилади. Ерда тез (соатига 35—40 км гача) югуради. Шим. Африка, Арабистон я. о., Кичик, Ғарбий ва Ўрта Осиё, Жан. Қозоғистон, Ғарбий Мўғулистон ва Синьцзяннинг чўл ва ярим чўл минтақаларида тарқалган.
Ўзбекистонда Қизилқум ва очиқ даштларда учрайди. Ареалининг жанубий қисмида ўтроқ яшайди; шим. қисмидан Арабистон, Ғарбий Осиё ва Туркманистонга қишлаш учун учиб келади. Асосан, ҳашаротлар, қисман ўсимликлар билан озиқланади. Ер юзасига уя қура-ди: апр. — май ойларида 1—3 та тухум қўяди. Тухумларини фақат модаси босади. Шим. ҳудудлардан қишлов жойига авг. —сент. ойларида учиб кетади. Ов қушлари қаторига киради. Сони кескин камайиб кетгани туфайли Ўзбекистон Қизил китобига киритилган.