ЙЎТАЛ — мураккаб рефлектор ҳолат, ихтиёрий ёки ғайриихтиёрий равишда тез нафас чиқариш ҳаракати; нафас аъзоларининг ҳимояланиш-тозаланиш реакцияларидан бири. Йўтал марказий нерв системаси (Й. маркази узунчоқ мияда жойлашган) томонидан идора этилади. Нафас йўллари ва ўпка яллиғланганда, шунингдек, нафас йўлларига чанг, тўзон ва б. ёт нарсалар тушганида Йўтал пайдо бўлади. Баъзан нафас йўллари шиллиқ қаватининг «қичишиши»дан ёки безовталаниш ва зўриқишдан (асабийлашиш туфайли) Йўтал юзага келади. Йўтал вақтида, аввало чуқур нафас олинади, сўнг нафас мускуллари таранглашади, ҳиқилдоқцаги овоз ёриғи эса беркилади — кўкрак бўшлиғида юқори босим вужудга келади. Шундан кейин торайган овоз ёриғи орқали кучли ҳаво оқими юқори босим б-н кетма-кет ташқарига отилиб чиқади ва, айни вақтда, у ўпкадан балғам ёки ёт зарраларни илаштириб ҳайдаб келади.
Йўтал узун-қисқалигига қараб хуружли (кўкйўталда), даврий (бронхитда), тўхтовсиз, қисқа (плевритда); товушига кўра — хириллаган (ҳиқилдоқ шикает ланганда ва истерия вақтида), бўғиқ (товуш бойламларининг яллиғланиши ва яраланишида); балғам ҳосил бўлишига қараб — ҳўл (балғам келади) ва қуруқ бўлади. Йўтал тез ва қаттиқ тутганда кўкракни оғритиши, беморни ҳаллослатиши ва ҳатто уйқу бермаслиги мумкин. Мудом ва бот-бот Йўтал тутиши ўпка эмфиземаси, юрак-ўпка етишмовчилигига олиб келади. Йўтални бартараф этиш учун врачга мурожаат қилиш лозим.
Даволаш. Асосан, Йўталга сабаб бўлган касаллик даволанади, балғам кўчирадиган, йўтал марказига таъсир этадиган дорилар берилади. Қуруқ Йўталда оғриқни ва Йўтални қолдирувчи доридормонлар тавсия этилади. Врач тавсиясига кўра, томоққа, кўкрак соҳасига горчичник қўйилади, иссиқ сутга асал қўшиб ичирилади, дорили ингаляция қилинади. Йўтал кўкйўтал, грипп ва б. инфекцион касалликлар белгиси бўлиши мумкин, шу сабабли, йўталганда оғизга дастрўмол тутиш зарур (уни тез-тез ювиб, дазмоллаб туриш керак).