ХЕЛИЦЕРАЛИЛАР (Chelicerata) бўғимоёқлилар типига мансуб умуртқасиз ҳайвонлар кенжа типи. Уз. 0,05 мм дан (айрим каналар) 1,8 м гача (казилма эвриптидлар). Хелицералиларнинг боши ва 6 та, кўкрак бўғими қўшилиб, бошкўкракни ҳосил қилади. Қорин қисми 12 бўғимдан, содда Хелицералиларда олдинги қорин (7 бўғим) ва кейинги қорин (5 бўғим)дан иборат (чаёнлар). Бошкўкрақда 6 жуфт ўсимта бор, улардан олдинги 2 жуфт оғиз тешиги олдида (хелицералар) ва орқасида (педиапальпалар), кейинги 4 жуфти юриш оёқлари ҳисобланади. Қорин оёқлари қолдиғи ўзгариб жабралар, ўпка, тароқсимон ўсимталар, ўргимчак сўгалларини ҳосил қилади. 2 синф: меростомалар ва ўргимчаксимонларга бўлинади. Меростомалар, асосан, денгизларда яшайди; кўпчилиги қирилиб кетган. X. нинг 54000 га яқин тури мавжуд.