ХИВА — Хоразм вилоятидаги шаҳар. Хива тумани маркази. Ўзбекистоннинг шим. ғарбида, вилоятнинг жан. да, Амударёнинг чап соҳилида, дарёдан 40 км жан. да, 91 м баландликда жойлашган. Шаҳар ёнидан Полвонёп (қад. Хейканиқ) канали ўтган. Яқин т. й. станцияси — Урганч (30 км). Майд. 0,08 минг км2. Аҳолиси 51,2 минг киши (2004).
X. — Ўзбекистоннинг қад. шаҳарларидан бири. Археологик маълумотларга кўра, шаҳар мил. ав. 5-а. да барпо этилган. Унинг номи шаҳарнинг қад. қисмида жойлашган Хивақ (Хейвақ) қудуги билан боғлиқ. Баъзи тадқиқотчилар шаҳар номини хоразмий тилига яқин бўлган қад. осетин тилидаги «Хиаув» — қалъа сўзидан, бошқалари бу атамани антик даврдан X. ҳудудидан окиб ўтган Хейканиқ (ҳоз. Полвонёп) каналининг ўзгартирилган (Хейканиқ— Хейваниқ—Хейвақ—Хева — Хива) номидан келиб чиққан дейдилар. Хоразмлик тарихчисолномачи Худойберди Қўшмуҳаммад ўзининг 1831 й. да ёзган «Дили Ғаройиб» асарида Хоразмнинг қад. шаҳарларини номманом санар экан, «Бу мамлакатнинг яна бир қалъаси — Қалъаи Рамлдир. Бу қалъага Сом ибн Нуҳ асос солган бўлиб, у ҳозирги Хивақ номи ила машҳурдир» дейди.
Халқ ривоятларида ҳам шаҳарнинг бунёд этилиши Нуҳ замонларига бо риб тақалади. Бунда Нуҳнинг ўғли Сом бўлажак шаҳар ёнига келиб қудуқ қаздирган ва шу билан Хивага асос солган. Ҳақиқатан ҳам Хиванинг Ичан қалъасида қад. Хейвақ (Хивак) қудуғи сақланиб қолган.
X. тўғрисидаги дастлабки ишончли маълумотлар 10-а. дан бошлаб арабфорс тилидаги тарихийгеографик манбаларда учрайди.
Истахрий (930) Хивани ўша даврдаги энг йирик 30 та шаҳар рўйхатига киритган. У. Х. ни Ҳазораспдан 8 фарсах масофада Журжония (Гурганж) йўлида жойлашганлигини қайд қилади. Муқаддасийнинг маълумотларига кўра эса X. билан Ҳазорасп ўртасидаги масофа 8 довон (10 фарсах)дан иборат бўлган. X. Ёқут Хамавий (13-а.), Низомиддин Шомий (14-а.) асарларида ҳам карвон йўлида жойлашган шаҳар сифатида эслатиб ўтилади.
17-а. да яшаб ўтган Маҳмуд ибн Валий бу шаҳар тўғрисида шундай ёзади: «Хива кенг ва баҳаво шаҳар. У шайх Нажмиддин Кубронинг ватанидир». Абулғозий Баҳодирхоннинг «Шажараи турк» ва «Шажараи тарокима» асарларидаги X. хусусидаги фикрлари ҳам ана шу даврга мансуб.
X. ўзининг тарихий ўтмиши, меъморий тузилиши, обидаларининг яхлит сақланганлиги жиҳатидан мазкур қад. шаҳарлар орасида алоҳида ўрин тутади. Ер куррасида машҳур бўлган Афина, Рим, Қоҳира ш. ларига тенгдош бўлган бу шаҳарнинг Ичан қалъа қисми (1990) Жаҳон мероси рўйхатига киритилган 100шаҳар бўлиб, дунёга алХоразмий, Нажмиддин Кубро, Шиҳабуддин Хивақий, Паҳлавон Маҳмуд, Муҳаммад Раҳимхон (Феруз), Мунис ва Огаҳий каби буюк зотларни етказиб берган азим замин ҳисобланади.
Мил. ав. 5-а. охиригача X. Хоразм таркибида Ахоманийлар давлати тасарруфида, сўнгра мустақил Хоразм давлати таркибида бўлган. Илк ўрта асрларда Хива орқали Шарқни Ғарб билан боғловчи Буюк ипак йўли ўтган. 4-а. бошларидан X. — Хоразм билан бирга Сосонийлар давлати таркибига кирган. Будаврда у қалъа девори билан ўраб олинган. 712 й. Х. ни араблар истило қилган. Араб сайёхдари Истахрий ва Мукаддасий қўлёзмаларида келтирилишича, X. 10-а. да Хоразм воҳасида энг йирик шаҳарлардан бири бўлган. 1221 й. дан мўғуллар империяси, 1389 й. дан темурийлар давлати таркибида, 16-а. бошларидан 1920 й. 2 фев. гача Хива хонлиги пойтахти бўлган. Хонлик 1873 й. рус қўшинлари томонидан забт қилиниб, Гандимиён шартномасита кўра, Россия империяси протекторатига айлантирилган. 1920—24 й. ларда X. Хоразм Халқ Совет Республикаси пойтахти бўлиб турган.
Хивани археологик жиҳатдан ўрганиш қисман С. П. Толстов, Я. Ғ. Ғуломов, А. И. Тереножкин ва б. томонидан 20-а. ўрталаригача олиб борилган. 1984—1993 й. ларда археологик казишма ишлари режали равишда кенг миқёсда олиб борилди. Қазишмалар Ўзбекистон ФА Қорақалпоғистон бўлими археологлари ва хоразмлик археологлар ҳамкорлигида амалга оширидци. Шаҳар худудида 6 та стратиграфик қазилма ва 7 шурф белгиланди. Хиванинг қад. қисми — Ичан қалъада 1200 м2 бўлган майдон қазиб ўрганилди. Археологик ашёларнинг 7 м гача чуқурликдан топилганлиги, шаҳарнинг пайдо бўлиш даври қад. эканлигидан далолат беради. Шаҳар тарихий тараққиётининг биринчи даврида Ичан қалъа ўрнида одамлар яшай бошлаган. Археологик материалларнинг шаҳодатича, бу давр мил. ав. 5-а. га тўғри келади. Кулолчилик чархида тайёрланган сопол буюмлар мажмуаси, шунингдек, пахса девор қолдиклари шу даврга мансубдир. Мил. ав. 5-а. охирида Хоразм Эроннинг сиёсий тазйиқидан халос бўлгач, Хивада шаҳар системасининг асосий элементлари шакллана бошлади.
Мил. ав. 4—3-а. ларда қалъа атрофи 2 қаватли қалин девор билан ўраб олинди. Девор олдин пахса, унинг устига хом ғишт терилиб, бунёд этилган. Ғиштларнинг аксариятига тамга босилган. Девор орасида (ичида) эни 2 м ли йўлак бўлган. Девор бўйлаб, ҳар 22 — 27 м масофада миноралар тикланган. Девордаги миноралар тўғри бурчакли бўлган. Қалъа деворининг бутун тизими асосий девордан 4,4—8,5 м масофадаги қўшимча тўсиқ — девор билан ўраб чиқилган.
Девор ичи ва йўлаклардан топилган сопол буюмлар мил. ав. 4—3-а. ларга тааллукли. Бўйин қисми ингичка, нозик килиб ишланган хум ва хумчаларнинг сиртига оч пушти рангда гул нақши солинган. Яна бир нодир топилма — кўзачанинг шер калласи шаклидаги дастасидир. Қад. қалъа девори ва йўлаклар X. ўша даврда воҳада йирик шаҳарлардан бири сифатида Хейканиқ (Полвонёп) канали соҳиллари ҳамда соҳилга яқин ҳудудларни назорат қилиб турганлигини тасдиқловчи далилдир.
X. дастлаб аграрҳунарманд шаҳар сифатида ривожланди. Мил. ав. 2-а. да Хиванинг катта қисми қум остида қолгач, аҳоли шаҳарни тарк этди. Ичан қалъа деворлари вайрон бўлди.
Мил. бошларида шаҳарда ҳаёт яна тиклана бошлади. Қалъа деворининг ғарбий қисмида арк бунёд этилди. 1—3а. ларда (Кушонлар даври) X. Ичан қалъа деворлари ташқарисидан қалин ғиштин девор билан мустаҳкамланди, натижада шаҳар девори қалинлиги 7,5 — 9 м га етди.
Археологик тадқиқотларнинг кўрсатишича, мил. 4—5-а. ларда шаҳарни яна қум босган. 6—8-а. ларда X. қайта тиклана бошлади. X. худудида заминдорларнинг дастлабки кўшклари пайдо бўла бошлади. Ичан қалъада шундай кўшклардан 2 таси топилган.
Шаҳар Хоразмшохдар даври (12— 13-а. боши) равнақ топиб, ҳудуди кенгайди. 1220—21 й. ларда X. Чингизхон қўшинлари томонидан вайрон этилди. Кейинроқ қайта тиклана бошлади. Ҳунармандчилик (кулолчилик, кошинкорлик ва б.) ривожланди.
Кейинги даврда айниқса, 16—19-а. ларда шаҳар жадал тараққий эта борди. Қуйи Волга, Ўрта ва Яқин Шарқ шаҳарлари билан савдо алоқалари ўрнатилди.
X. 16-а. нинг 2-ярмидан Хоразмнинг пойтахтига айлангач, ҳар томонлама ривожланди. Меъморий қиёфаси ҳам ўзгара борди. Шаҳардан ўзаро кўндаланг кесишган 2 та катта кўча ва 4 дарвоза (Отадарвоза, Полвондарвоза, Боғчадарвоза, Тошдарвоза) орқали Дишан қалъа (рабод) га чиқилади. Ичан қалъа деворининг уз. 2200 м, бал. 6 — 8 м, таг заминининг қалинлиги 5—6 м. Қалъа тўғри тўртбурчак шаклида қурилган бўлиб, уз. 650 м, эни 400 м, жами 26 га майдонга эга.
Хиванинг рабод қисми Дишан қалъа 1842 й. Оллоқулихон даврида (1825 — 42) баланд девор билан ўраб олинган. Ўша даврда Ичан қалъада 33 маҳалла (мачитқавм) ва Дишан қалъада 34 маҳалла бўлган. Маҳаллалар номи шу ерда яшаётган аҳолининг касбкори (Читкарлик, Элакчилик, Кулоллар, Мисгарлик, Ғассоллар) ёки шахс лавозими (Отамурод қушбеги, Ёқуб меҳтар, Юсуф ясовулбоши) билан аталган. Шаҳарда 109 каттакичик кўча, 79 масжид ва 120 қорихона бўлган. Хивада 19-а. ўрталарида 20 минг киши яшаган. Шаҳар, асосан, 19-а. нинг 2-ярмидан кенгая борди.
1874 й. да шаҳар маъмурий жиҳатдан Қумёсқа, Каптархона, Ўр, Кўҳнабозор, Калтаминор, Амин чорсу, Мевастон, Қорааълам ва Янги қалъа мавзеларига бўлинган. X. хоннинг «мулки холисаси» ҳисобланиб шахсан унинг ўзи томонидан бошқарилган. 19-а. охири — 20-а. бошларида Хивада 64 Мадраса, 79 масжид бўлган. 1924 й. шаҳарда олинган аҳоли рўйхатида 4029 хонадонда 18145 киши қайд қилинган.
Хиванинг илк тарҳи 1740 й. да чизилган. Шаҳар тарҳи узунасига 1 минг м, энига 400 м бўлиб, 40 га майдонни эгаллаган. Унинг бутун теварак атрофи сувли хандақ билан ўраб олинган. Шаҳарга шарқ томондан махсус кўприк орқали кириш мумкин бўлган. Кўприк кечалари кўтариб қўйилган. Кўприк ёнидаги дарвозадан бошланган катта кўча тўппатўғри Арк дарвозасига бориб тақалган. Арк шаҳарнинг ғарбий қисмида жойлашган. Шаҳарнинг асосий кўчаси уни 2 қисм (шим. ва жан.) га ажратган. Аркда хон саройи, ҳарамхона, аслаҳахона бўлиб, улар махсус қалъа девори билан ўралган. Лекин, ўша даврдаги баъзи иншоотлар чизмага кирмай қолган. Шаҳарнинг яна бир тарҳи Россиядан махфий топшириқ билан келган топограф Г. Н. Зеленин томонидан 1839 й. да чизилган. Зелениннинг маълумотларига кўра, шаҳарда ўша даврда 17 та масжид, 22 та маҳалла ва 260 савдо растаси бўлган. Шаҳарнинг жуда аниқ ва мукаммал бўлган сўнгги тарҳи 1873 й. ги рус истилосидан сўнг рус топографлари томонидан тузилган ва ўша йилиёқ «1873 йилги Хива юришлари» мақоласига илова тарзида босилган.
Меъморий ансамблининг яхлитлиги жиҳатидан шаҳар Ўрта Осиёда ягона ҳисобланади. 1967 й. да Ўрта Осиёда илк бор Х. нинг Ичан қалъа (шаҳристон) қисми тарихиймеъморий ёдгорликлар қўриқхонаси деб эълон қилинди. Хиванинг жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ЮНЕСКО Бош конференциясининг (1995 й. окт. —нояб.) 28сессиясида алоҳида қайд қилинди. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 1996 й. 3 янв. даги қарори билан Хиванинг 2500 йиллиги 1997 й. да жаҳон миқёсида кенг нишонланди.
Шаҳарда «ХиваКарпет» қўшма корхонаси, сопол буюмлар, пахта тозалаш, ғишт заводлари, тикувчилик, «Хива гидами» акциядорлик жамияти ва б. гилам тўқиш корхоналари, нон кти, деҳқон бозори, маданий, савдо ва маиший хизмат кўрсатиш шохобчалари фаолият кўрсатади. Урганч университетининг агроменежмент фти, Ўзбекистон ФАнинг Хоразм Маъмун академияси бўлими, Қорақум и. т. станцияси, пед., тиббиёт, туризм касб-ҳунар коллежлари, касбҳунар лицейи, гимназия, 15 умумий таълим мактаби, меҳрибонлик уйи, 2 махсус интернат, вилоят қўғирчоқ театри, санъат мактаби, 2 кутубхона ва унинг тармоқдари, маданият ва истироҳат боғи мавжуд. АлХоразмий, Феруз ёдгорликлари, биринчи ўзбек кинооператори Худойберган Девонов музейи, марказий стадион, спорт мажмуаси, теннис корти, спорт заллари ва б. спорт иншоотлари бор.
Туман марказий касалхонаси, поликлиника, туғруқхона, болалар касалхонаси, тиш даволаш маркази, марказий дорихона, хусусий дорихоналар ва б. тиббий муассасалар мавжуд.
Тарихий-меъморий обидалардан Сайд Аловиддин мақбараси, Паҳлавон Махмуд мажмуаси, Жума масжид, Кўҳна Арк, Оқшайх бобо кўшки, Тошҳовли, Нуруллабой саройи, Муҳаммад Аминхон мадрасаси, Муҳаммад Раҳимхон мадрасаси, Исломхўжа мадрасаси ва минораси, Оллоқулихон мадрасаси, Қутлуғмурод иноқ мадрасаси, Оллоқулихон карвонсаройи ва тими, Анушахон хаммоми, Оқ масжид, Полвон дарвоза, Ота дарвоза, Боғча дарвоза, Тош дарвоза, Ҳазорасп дарвоза, Куш дарвоза ва б. сақланиб қолган.
Шаҳарда «Хива—Шарқ гавҳари» журнали (2001 й. дан), «Хива тонги» туман газ. нашр этилади. Шаҳар жаҳон туризми марказларидан бирга айланган. Хивага ҳар йили 200 мингдан зиёд сайёҳ, шу жумладан, 7 мингга яқин хорижлик сайёҳ ва меҳмонлар ташриф буюради. Шаҳарда «Ўзбектуризм» миллий компаниясига қарашли ва бир неча хусусий меҳмонхоналар ишлаб турибди.
Хивадан Урганч ш. га троллейбус катнови йўлга қўйилган (1997). X. —Тошкент, X. —Бухоро, X. —Навоий—Самарканд—Тошкент йўналишида, шунингдек, Урганч, Қўшкўпир, Янгиариқ, Боғот, Ҳазорасп ва вилоятдаги бошқа шаҳар ва йирик аҳоли пунктларига автобуслар ва маршрутли таксилар қатнайди.
Ад.: Гулямов Я. Г., Памятники города Хивы, Т., 1941; Абдурасулов А., Хива, Т., 1997; Захидов П. Ш., Хива, Т., 1980; Мамедов М. А., Мурадов Р. Г., Средневековые письменные источники о древнем Урганче, Ашхабад, 2000.
Абдулла Абдурасулов, Иброҳим Каримов.