ЯРА КАСАЛЛИГИ, меъда ва ўн икки бармоқ ичак яраси — меъда ёки ўн икки бармоқ ичакда яра ҳосил бўлишидан иборат касаллик. Кўпинча 25—50 яшар эркакларда, баъзан аёлларда ҳам учрайди. Касалликнинг келиб чиқишига кучли ҳаяжонланиш, қайғуриш, қийин ҳазм бўладиган, ёғли, аччиқшўр, ўта иссиқ ёки совуқ таомлар истеъмол қилиш, тартибсиз овқатланиш, чекиш, спиртли ичимликлар ичиш ва бошқалар сабаб бўлади; ирсий мойиллик ҳам роль ўйнайди.
Оғриқ Я. к. нинг асосий белгиси, у кўпроқ тўш ости соҳасида кузатилиб, овқатдан кейин яримбир ёки 1,5—2 соат ўтгач бошланади. Ўн икки бармоқ ичак ярасида наҳорда (оч қоринга) оғриқ тутади, бу ҳолат кўпинча озгина овқат ейилгач ўтиб кетади.
Баъзан оғриқ орқага ёки кўкрак қафасига тарқалади. Меъда ярасида кўпроқ кўкрак ости, ичак ярасида аксари киндик атрофи гоҳ лўқиллаб, гоҳ ачишиб оғрийди. Кучли оғриқ тутганда бемор оёқларини букиб, чап ёки ўнг ёнбошни ёки қорнини босиб ётади, баъзан тизза ва тирсакларига таяниб олади. Оғриқ қанча кучли бўлмасин бемор қайт қилганидан сўнг тўхтайди. Оғриқ билан бирга айрим ҳолларда жиғилдон қайнаб, кекирик келади, кўнгил айнийди. Яра ўн икки бармоқ ичакда бўлса, кўпинча қабзият кузатилади; айрим беморларнинг асаби заифлашиб, кайфияти ўзгаради, қон босими пасайиб, қўлоёқлари совийди. Яра касаллигида меъда шираси кўп, кам ёки меъёрида ажралади.
Касаллик аксарият сурункали кечади, у вақтвақти билан (баҳор ва кузда) қўзийди, гоҳ зўрайиб, гоҳ босилади. 1—2 ой давом этадиган бу даврда бемор иш қобилиятини йўқотади, баъзан ўз вақтида даволанмаса, касаллик оғирлашиб, турли асоратларга сабаб бўлади. Хавфли асоратлардан бири яранинг тешилишидир, бунда қоринда тўсатдан ханжар суққандек оғриқ пайдо бўлиб, бемор ҳушдан кетиши мумкин. Бундай ҳолларда уни зудлик билан касалхонага ётқизиб операция қилиш керак. Касалликнинг асоратларидан яна бири ярадан қон кетишидир, бунда бемор тўсатдан ҳолсизланади, баданини муздек тер босади ҳушидан кетади, баъзан қон қусади (кофе қуйқасига ўхшаш), қорамтир бўлиб ичи кетади, камқонлик (анемия) юз беради, бу ҳолат тез тиббий ёрдам кўрсатилишини тақозо этади.
Врач келгунича беморни ўринга ётқизиб, ором бериш, ҳеч нима едирибичирмаслик керак. Баъзан касаллик яширин кечиб, беморни ҳеч нима безовта қилмайди ва асорат бергандагина (қон кетиши ёки яранинг тешилиши) билиб қолинади.
Касалликни даволаш комплекс усуллар билан врач назоратида олиб борилади. Бунда маълум тартибга риоя қилиш, парҳез сақлаш талаб этилади.
Овқатни илитиб, дамбадам ва озоздан ейиш, кечаси оч қоринга оғриқ безовта қилса, ётишдан олдин 1 стакан сут ёки янги ивитилган қатиқ ёки кефир ичиб ётиш мақсадга мувофиқ. Касаллик йиллаб чўзилиши мумкин, шунинг учун енгил ҳазм бўладиган ва таркибида оқсил, ёғ, витаминлар (айниқса, С, А ва В гуруҳ витаминлари) етарли бўлган парҳез таомлар истеъмол қилиш, касаллик хуруж қилганда парҳезга алоҳида эътибор бериш, чекиш ва спиртли ичимликлардан ўзни тийиш лозим. Касалликни доридармон билан даволаш ҳам фақат врач кўрсатмасига биноан олиб борилади.
Касаллик хуруж қилмаган вақтда ёки касалхонада даволангандан сўнг беморлар маҳаллий санаторий ва курортлар (Ташминвода, Чинобод, Тиббий тикланиш ва физиотерапия илмий текшириш институти) га юборилади.
Касалликнинг олдини олишда ёшликданоқ ўз вақтида овқатланиш режимига амал қилиш шарт. Баъзи дорилар: ацетилсалицилат кислота (аспирин), бутадион, преднизолон ва бошқаларни ўз билгича ичиб юриш ҳам меъда ва ичакнинг Яра касаллигига олиб келиши мумкин.
Касаллик бошланиши аниқланган даврда бемор врачнинг кўрсатма ва тавсияларига қатъий амал қилиши талаб этилади. Беморлар поликлиникаларда диспансер ҳисобига олинади. Касаллик хуружининг олдини олиш учун куз ва баҳор ойларида, ишдан ажралмаган ҳолда даволаниб туриш (профилакторий ва санаторийкурортларда) ҳам ижобий самара беради.
Касаллик ўз вақтида тўла даволанса, бемор соғайиб кетиши мумкин.