ЯРМАРКА (нем. — йиллик бозор) — белгиланган жойда муайян муддатларда мунтазам ташкил этиладиган йирик бозор; сотувга қўйилган товарлар кўргазмаси. Ярмарка ларнинг асосий мақсади харидорларни товарлар билан воситачиларсиз, бевосита таништириш ва уларнинг намуналар бўйича улгуржи ва чакана савдосини уюштиришдан иборат. Ярмарка мавжуд, ишлаб чиқариладиган ва бозорга чиқаришга мўлжалланган маҳсулот тўғрисида ахборот беради. Ярмарка универсал, кўп тармоқли ва ихтисослашган бўлади (мас, техника, қ. х., халқ истеъмоли маҳсулотлари, озиқ-овқат ва бошқалар). Қатнашчилари таркиби ва қамрови доирасига кўра, жаҳон, халқаро, минтақавий, миллий ва маҳаллий Ярмаркалар мавжуд. Халқаро Ярмаркалар (Лейпциг, Париж, Вена, Торонто, Дамашқ ва бошқалар) жаҳон савдосининг ривожланишига, турли мамлакатлар ўртасида иқтисодий алоқаларни мустаҳкамлашга, и. ч. нинг ривожланишига ёрдам беради.
Ярмарка савдонинг алоҳида шакли сифатида биринчи марта мил. 1-асрда Японияда вудужга келган. Европада 10-асрдан маълум. 19-асрга келиб транспорт ва савдоиқтисодий муносабатларнинг ривожланиши билан Ярмарка янги қиёфа олди. Ярмарка ларда товарлар намуналари кўргазмалари ташкил этилиб савдосотиқ товар биржаларидаги каби амалга оширила бошлади. Бир қатор шаҳарлар (мас, Лейпциг)да Ярмаркалар доимий фаолият кўрсатадиган савдокўргазма марказларига айланди. 20-аср охири — 21-аср бошларига келиб Ярмаркаларни ўтказиш янада такомиллашиб, умумий универсал Ярмарка лардан тармоқ, аксарият ҳолларда техник ва истеъмол товарлари Я. ларига ўтиш юз берди. Ярмаркалар илмийтехника, ахборот марказларига айланиб, уларда илмий-техника конгресслари ва симпозиумлари ўтказилади. Мас, Лейпниг Ярмаркаси ишбилармон доираларнинг учрашув жойи бўлибгина қолмай, йирик халқаро илмийтехника ва иқтисодий ахборот маркази ҳисобланади. Ярмаркалар фаолияти 1925 йилда Парижда ташкил этилган Халқаро ярмаркалар уюшмаси томонидан мувофиқлаштирилади.
Ўрта Осиёда вақтвақти билан бўладиган катта савдо бозорлари қадимдан жамоат гавжум жойларда, халқ сайилларида ўтказилиб келинган. Бундай бозорларда савдогарлар асосан бошқа мамлакатлардан келтирган молларини сотганлар. Илк ўрта асрларда шаҳарлар, ҳунармандчилик ва савдо марказлари бўлмаган жойларда Ярмарка айирбошлаш амалга ошадиган асосий марказ бўлган.
Урта Осиё ва Россия ўртасидаги савдо муносабатларини ривожлантиришда 1643 йилда ташкил топган Ирбит (Ғарбий Сибирь) Я. си, қоракўл терилари сотилган Бухоро Я. си муҳим ўринда турган. Туркистон ўлкасида ҳоз. маънодаги Ярмарка — кўргазма биринчи марта 1890 йилда Тошкентда ўтказилган.
19-аср охири — 20-аср бошларида пайдо бўлган ва Ўрта Осиёнинг Ғарбий Хитой билан иқтисодий алоқаларида муҳим ўрин тутган, асосан, чорва моллари сотилган Қарқара (ҳоз. Пржевальск атрофларида) Ярмарка сининг савдо айланмаси 1908 йилда 2 млн. рублни ташкил этган. 1-жаҳон уруши бошланганидан кейин Ярмаркалар фаолияти тўхтаган.
Ўзбекистонда халқ истеъмоли товарлари улгуржи савдоси бўйича биринчи Ярмарка 1952 йилдаТошкент шаҳрида ташкил этилди ва кейинчалик 21-аср бошларида саноат ва қ. х. маҳсулотлари билан улгуржи ва чакана савдо қиладиган давлат ва кооператив ташкилотлар қатнашадиган магазин ва павильон тармоқлари, умумий овқатланиш корхоналарини ўз ичига оладиган маҳаллий тусдаги Ярмарка ташкил этиш йўлга қўйилди. Ўзбекистонда Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар агентлиги тасарруфидаги «Ўзэкспомарказ»да халқаро аҳамиятга эга бўлган турли савдосаноат Ярмарка лари ва кўргазмалари ўтказилади. 1999 йилда ташкил этилган «Ўзкўргазмасавдо» акциядорлик жамияти ва унинг вилоят марказларидаги шўъба корхоналари миллий, ҳудудий, мавзули кўргазма Ярмарка ларини ташкил этиш ва ўтказиш, мамлакат хўжалик субъектларининг экспорт салоҳиятини, янги технологияларни татбиқ этиш соҳасидаги ютуқларини намойиш этиш ва ярмарка қатнашчиларига турли хилдаги маслаҳат, маркетинг ва хўжаликмаиший хизматларни кўрсатиш ва бошқалар билан шуғулланади. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Маҳаллий товарлар ишлаб чиқариш ва савдо мажмуи ҳузурида 2002 йилда Ярмарка савдолари ўтказиш бўйича республика кенгаши ташкил этилган. Ўзбекистон Республикаси товар-хом ашё биржасининг асосий савдо майдонларида ва вилоят шўъба корхоналарида биржага қўйиладиган товарлар кўргазмалари ташкил этилган. Биржанинг ХХР Урумчи шаҳрида доимий фаолият кўрсатадиган «Ўзбекярмаркаси» шўъба корхонаси бор.
Ж. Йўлдошев Н . К ., Ўрта Осиёда бозор муносабатлари назарияси ва амалиёти, Т., 1991.
Нуриддин Йўлдошев.