ЯСАМА КЎЗ, кўз протези — чинни, шиша ёки пластмассадан ясаладиган сунъий кўз. Жароҳатланиш ёки шикастланиш ҳамда кўз касалликлари оқибатида кўз олиб ташланганда ўрнига Ясама кўз қўйилади. Шиша ёки пластмассага кўзнинг оқ пардаси, қон томирлари, рангдор пардаси, қорачиғи чизилган бўлади. Соғлом кўзнинг рангдор пардаси ва склера рангига мос қилиб олинган Ясама кўз кўз косасининг каттакичиклиги ва шаклига мос келиши керак. Одатда, яхши жойлаштирилган Ясама кўз ҳеч халақит бермайди. Агар у ботиб, оғритса, йиринг ҳосил қилса, олиб фурацилиннинг 1:500 эритмасида ювиб, яна ўрнига қўйилади. Ясама кўз эскириб қолганда (устида чизиқ ва доғлар пайдо бўлганда) тезда (кўпинча 1,5 йилда) янгисига алмаштириш керак. Ясама кўзни олиш учун пастки қовоқни тортиб, юқори қовоқни салпал босиш лозим. Уни жойига қўйиш учун Ясама кўзнинг кенг томонини чакка томонга, усти ўйилган қиррасини бурун томонга қаратиб, чап қўлининг бош бармоғи билан юқори қовоқни кўтариб туриб, унинг остига ўнг қўлнинг учта бармоғи билан ушлаб қўйилади. Стандарт Я. к. лар республикамиздаги махсус протез пунктларида танланади. Индивидуал Ясама кўзлар йирик шаҳарларда ташкил этилган кўз протезлари з-дида ва кўзни протезлаш лаб. ларида ясалади.