ХОНДАМ КАНАЛИ — Тошкент вилоятидаги йирик ва мураккаб гидротехника иншооти, 1928—32 йилларда қурилган. Чапқирғоқ Қорасув каналининг 3 км дан сув олиш иншооти ёрдамида сув олади. Дастлабки уз. 49 км. 1970 й. дан кейин амалга оширилган реконструкция натижасида қайта қазилди, унинг уз. 77,5 км га етказилди, канал кенгайтирилди, трассаси узайтирилди ва бош қисмидаги ҳисобий сув сарфи 23 м3/сек. ни ташкил этди. Канал трассаси мураккаб рельефни тоғ олди текисликлардан ўтгани боис унинг кўп кисми қазма (чуқ. 25 м гача) ва кўтарма (бал. 30 м гача) ўзандан иборат. Канал тубининг кенглиги 2—4 м, деворларининг қиялиги 1,75 м га тенг. Канал ўзанига фильтрацияга қарши 15 см қалинликдаги бетон тўшама ётқизилган. Унинг ўнг қирғоғида 7 м энликда инспекция йўли қурилган. Каналда кўп сонли гидротехника иншоотлари барпо этилган: унинг 28 км да 15 м баландликдаги шаршара, Паркентсой, Қизилсой, Самсараксойлар билан кесишган жойларда дюкерлар қурилган, 10 га яқин йирик кўприклар, 5 та йирик сув чиқаргич, 2 та сув тўсгич, 4 та сув ташлагич барпо этилган. Трассанинг охири Хўжабаланд канали б,н туташтирилган. Канал ўнг қирғоғидаги 15 минг гектарга яқин экинзорни суғориш имкониятига эга.