ЯШИН

ЯШИН, Комил Яшин (тахаллуси; асл номи Нуъмонов Комил) (1909.25.12, Андижон — 1997.25.9, Тошкент) — шоир, драматург, публицист ва жамоат арбоби. Ўзбекистон халқ ёзувчиси (1969), Ўзбекистон ФА акад. (1968), Меҳнат Қаҳрамони (1974). Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби (1939). Ҳ. Носированинг турмуш ўртоғи. Ленинграддаги ўрмон хўжалиги ин-тида ўқиган (1925— 28). Андижон мактабларида ўқитувчилик қилган (1928—30). Андижон вилоят ва Ўзбек мусиқали драма театрларида адабий эмакдош (1930—36), Санъат ишлари бош бошқармасида бошлиқ (1946—49), Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида раис (1958—80), «Ўзбек тили ва адабиёти» жур. да бош муҳаррир (1969—80, жамоатчилик асосида). Адабий фаолияти 1925 йилдан бошланган. Унинг шу йиллардан бошлаб ёзган шеърлари «Қуёш» (1930), «Кураш» (1931) ва бошқалар тўпламларига киритилган. Айни пайтда театр санъати билан ҳам қизиқиб, «Кар қулоқ» (1926), «Тенг тенги билан», «Лолахон» (1927), «Қуёш» (1929) каби бир пардали пьеса ва инсценировкалар ёзган. «Лолахон» пьесасининг Қори Ёқубов раҳбарлигидаги Этнографик ансамбль репертуарига киритилиши (1927), айрим пьесаларининг Андижон театрида саҳналаштирилиши (1929) Яшин даги театр санъатига бўлган майлни кучайтирган. Унинг 30-й. лар воқелигида кечаётган мураккаб жараёнларни акс эттирувчи «Ўртоқлар» (1930), «Ёндирамиз» (1931), «Ичкарида» (1933, 1935 йил да қайта ишланиб, «Гулсара» номи билан саҳналаштирилган), шунингдек, «Номус ва муҳаббат» (1935) пьесалари майдонга келган. Яшин драматургия соҳасидаги бу дастлабки асарлари билан шўро даври адабиётининг ғоявийлик тамойилига қатъий риоя қилувчи ёзувчи сифатида танилган.

Яшин тарихийижтимоий давр талаби билан «Нурхон» (1940) пьесасини ёзган ва уни мусиқий драма театри саҳнасига олиб чиққан. Драматург бош қаҳрамоннинг ҳалокати билан якунланувчи ушбу асарида жамият ва шахс эркинлиги мавзуини адабиётнинг инсонпарварлик тамойили асосида ечишга уринган.

2-жаҳон уруши йилларида фашизмнинг босқинчилик моҳиятини очишга қаратилган «Ўлим босқинчиларга» (1942), фронт орқасида қаҳрамонона меҳнат қилган фидойи кишилар ҳақидаги «Даврон ота» (1942, Уйғун, С. Абдулла, Чустий билан бирга), «Офтобхон» (1944), урушдан кейинги йилларда эса «Генерал Раҳимов» (1949) пьесаларини ёзган. Шахсга сиғиниш фожиалари фош этилиб, таникли давлат, жамоат ва маданият арбобларининг ноҳақ қатағон этилгани ошкор бўлган даврда Файзулла Хўжаевга бағишланган «Инқилоб тонги» (1974) пьесасини яратган.

Яшиннинг драматург сифатида шаклланишига катта таъсир кўрсатган омиллардан бири унинг Ҳамза билан ижодий ҳамкорлигидир. Я. Ҳамзанинг кичик саҳна учун мўлжалланган «Бой ила хизматчи» пьесасини 1939 йилда қайта ишлаган. Унинг саъйҳаракати билан Ҳамзанинг «Паранжи сирларидан бир лавҳа» ва «Майсаранинг иши» пьесалари ҳам топилиб, саҳналаштирилган. «Майсаранинг иши» комедияси асосида опера спектакли ва кинофильм яратилган. Яшин ижодида Ҳамза образини яратиш масаласи ҳам марказий ўринлардан бирини ташкил этади [«Ҳамза» (1940, А. Умарий билан бирга) драмаси, «Ҳамза» (С. Муҳамедов билан бирга) фильми (1960, режиссёрлар З. Собитов, Н. Радов) сценарийси ва шу номдаги опера либреттоси (1961, композитор С. Бобоев), Б. Привалов ва Ш. Аббосов билан бирга «Оловли йўллар» (1975—84, режиссёр Ш. Аббосов) 14 серияли телефильм сценарийси]. Шўро ҳукумати буюртмаси билан яратилган «Оловли йўллар» телесериалида Я. Ҳамза образини ҳаддан зиёд советлаштириб, тарихий хақиқатнинг бузилишига йўл қўйган. Шундай нуқсон Яшиннинг «Ҳамза» (1987) романида ҳам сезилади.

Ашрафий ва С. Василенконинг 1916 йил қўзғолонига бағишланган «Бўрон» (1939) биринчи ўзбек операси, яна шу композиторларнинг Катта Фарғона канали қурилиши ҳақидаги «Улуғ канал» (1940, Маҳмуд Раҳмон билан бирга), Навоий достони асосидаги «Дилором» (1958, М. Муҳамедов билан бирга) опералари либреттоларини ёзган. Бундан ташқари, Яшин мусиқали драма театри учун Навоий достони асосида «Фарҳод ва Ширин» (1944), Эргаш Жуманбулбул достони асосида эса «Равшан ва Зулхумор» (1956) драмаларини яратган.

«Асал» (1940, режиссёр М. Егоров, Б. Казачков), «Ҳамза» (1960), «Генерал Раҳимов» (1967, И. Луковский ва 3. Собитов билан бирга, режиссёр 3. Собитов), «Шиддат» (1971, режиссёр А. Ҳамроев) каби бадиий ва «Салом, Баҳор» (режиссёр А. Ҳамроев) ҳужжатли фильмлари учун сценарийлар ҳам ёзган.

У. Шекспирнинг «Антоний ва Клеопатра», У. Гажибековнинг «Аршин мол олон», И. Брусиловскийнинг «Эр Торғин», Б. Кербобоевнинг «Маҳтумқули», М. Ҳусайннинг «Олов», И. Қосимовнинг «Инсон меҳри», Л. Соболевнинг «Хўжайин» пьесаларини таржима қилган.

Тошкент ва Андижон шаҳриларидаги кўчалардан бири Я^ номи билан аталади. Ҳамза номидаги Ўзбекистон Давлат мукофоти лауреати (1968).

Ас: Танланган асарлар. 1—4ж.,Т.. 1970 — 72; Ёднома, Т., 1989.

Ад. Абдусаматов Ҳ. Саматов М.. Яшин, Т., 1964; Абдуса м атов Ҳ., Традипия ва новаторлик проблемаси. Т., 1974; Абдусаматов Ҳ., Эстетика ва ҳаёт, Т., 1976; XX аср ўзбек адабиёти тарихи, Т., 1999. Наим Каримов.


Кирилл алифбосида мақола: ЯШИН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Я ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ТОШКЕНТ
ЯПОНИЯ
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ХИТОЙ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты