ЯҚИНДАН КЎРИШ, миопия кўриш нуқсони; бунда яқиндаги нарсалар яхши, узоқдагилар эса хира кўринади. Ҳомиладорлик даврида онанинг турли инфекцион касалликлар (грипп ва бошқалар) , анемия билан оғриши; ётиб ўқишга одатланиш, қоронғида ёки энгашиб узоқ вақт кўзга дам бермай ўқиш ва бошқалар яқиндан кўришга сабаб бўлади. Янги туғилган болаларда кўз соққаси кичкина бўлиб, бола 9—12 яшар бўлганида у нормал шаклни олади (қ. Кўз). Баъзан кўз соққаси узунчоклашиб, қорачиқдан тўр пардагача бўлган масофа катталашиб кетади. Бунда узоқдаги шакллардан келадиган параллел нурлар кўздаги тўр пардага етмай, ўрта йўлда синиб, фокусга йиғилади, натижада кўриладиган буюм шакли тўр пардада аниқ акс этмай киши узоқни яхши кўрмайди. Яқиндан кўриш уч даражага бўлинади: енгил — 3,0 Д гача, ўрта — 3,0 Д дан 6,0 Д гача ва кучли — 6,0 Д дан юқори. Яқиндан кўриш даражаси кўзга тақиладиган кўзойнакнинг нур синдириш кучига қараб аниқланади. Тақилган кўзойнак шишаси нурларни синдириши туфайли кўринадиган тасвир тўр пардага тушади. Яқиндан кўриш кўз пардалари (оқсилли, томирли, тўр парда) ва мускулларини толиқтиради, улар чўзилиб, кўзнинг оптик ўқи узунлашади, натижада Яқиндан кўриш зўраяди, бу кўзнинг кўриш қобилиятини пасайтиради.
Яқиндан кўришнинг зўрайишига аккомодация (кўз гавҳарининг дам қалинлашиб, дам юпқалашиш қобилияти)нинг таъсири катта. Одатда, Яқиндан кўриш кўз аккомодацияси сусайган одамларда кўпроқ кузатилади, у наслга ҳам боғлиқ.
Яқиндан кўришни камайтириш, уни зўрайтирмаслик учун дастлабки белгиларига аҳамият бериш керак. Мас, агар ўқувчи доскадаги ёзувни узоқдан яхши кўрмаса, китобни энгашиб ўқиса, кино ёки театрларда олдинги қаторга ўтиришга ҳаракат қилса, тезда кўз касалликлари врачига мурожаат қилиши лозим. Врач ўқувчини яхшилаб текширгач, лозим топса, унга кўзойнак ёки контактли линзадан фойдаланишни тавсия этади.
Яқиндан кўришнинг олдини олиш учун кўз гигиенасига амал қилиш, кўзни толиқтирмаслик, узоқ вақт энгашиб турмаслик, бошни бирдан қаттиқ эгиб юбормаслик лозим. Кучли даражадаги Яқиндан кўришда врач маслаҳатларига амал қилиш зарур.