ХОФМАН (Гофман) Роалд (1937. 18.7, Злочев, Польша) — америкалик кимёгар. АҚШ Миллий ФА аъзоси (1972). Колумбия университетини тугатган (1958). 1965 й. гача Гарвард университетида ишлаган, 1965 й. дан Корнелл университетида ишлайди (1968 й. дан проф.). Асосий и. т. лари кимёвий кинетика ва кимёвий реакциялар механизмини ўрганишга оид. Р. Б. Вудворд билан ҳамкорликда мослашган реакциялар учун орбитал симметриянинг сақланиш қоидасини (Вудворд— Хофман қоидаси) таклиф қилган (1965). Кимёвий ўзгаришлар йўлидаги энергетик ғовлар шаклланишининг физик моҳиятини аниқлаган (1970). Стереокимё ва комплекс бирикмалар соҳасидаги тадқиқотларни ривожлантирган (1978 — 80). Нобель мукофоти лауреати (1981; К. Фукуи билан ҳамкорликда).