ЕЛИМ ОҚИШ — данакли мевалар, тут, жийда дарахтлари, ўрмон дарахтлари ва цитрус ўсимликларида учрайдиган касаллик белгиларидан бири. Яхши парвариш қилмаслик, ернинг ортиқча намиқиши, озиқ моддаларнинг етишмаслиги, шох-шаббаларни нотўғри ва бевақт кесиш, ҳашарот туфайли ёки бошқа сабаблар билан елим оқади. Аксарият ҳолларда дарахт танаси ва шохларида пўстлоқ остидан оқиб чиққан шаффоф суюклик қотиб, елимсимон модда ҳосил қилади. Ўсимлик пўстлоғининг елим чиққан жойларида ҳар хил шиш ва ғоваклар пайдо бўлиб, ўсимлик аста-секин қурийди. Елимдаги замбуруғ, бактериялар ёмғир, шамол ва ҳашаротлар орқали бошқа дарахтларга юқади.
Кураш чорал ари : дарахт танаси 2 челак сувга 1 челак сўндирилмаган оҳак, 100 г елим, 200 г темир ку-пороси қўшиб тайёрланган оҳак сути билан оқланади, жароҳатланган жойлари формалин эритмаси (1:100) ёки темир кўпороси (5% ли) б-н дориланади. Дарахт танасидаги елим қириб олинади, ўрни фунгицидлар (1% ли мис кўпороси эритмаси) билан ювилади.