ЕР ОСТИ НАМАКОБЛАРИ — таркибида эриган минерал моддалар, асосан нитратлар ёки сульфатлар концен-трацияси 36 г/л дан ортиқ бўлган ер ости сувлари. Ер ости намакоблари седиментация ҳавзаларида кенг тарқалган. Шунингдек, Ер ости намакоблари шельфларда (Флорида я. о. яқинида) ҳамда кристалли қалқонларнинг (Болтиқ, Украина, Канада) гиперген дарзланиш зоналарида маълум. Улар одатда чучук ва шўр сувлар остида чўкинди ғилофнинг қалин қатламларида жойлашган. Баъзи бир денгизлар (Каспий, Қизил денгизлар, Мексика қўлтиғи ва б.) тубидаги чўкиндилар остидан ҳам топилган. Таркибидаги анионларнинг миқдорига қараб хлоридли (натрий, кальций, магнийли), сульфатли ва гидрокарбонатли бўлади (хлоридлиси кўп тарқалган). Ётиш шароитига қараб седиментация ҳавзаларида Ер ости намакобларининг туз усти, оралиқ ва туз ости турлари ажратилади. Туз усти намакоблари деярли натрийли бўлиб, шўрлиги 300—320 г/л; туз оралиғи ва туз ости намакоблари кўп компонентли, шўрлиги 600 г/л гача.
Ер ости намакобларидан йод, бром, ош тузи, магний, кальций, калий олинади. Бор, рубидий, цезий, стронций учун потенциал хом ашё ҳисобланади. Ер ости намакоблари даволанишда намакоб ванналарида ишлатилади.
Ўзбекистонда Ер ости намакоблари Устюрт, жан. Оролбўйи, Бухоро-Қарши, Сурхондарё, шунингдек, Фарғона артезиан ҳавзаларида мавжуд. Улар 500 м ва ундан чуқурроқда чучук ва шўр сув қатламлари остида жойлашган. Бухоро-Қарши артезиан ҳавзасининг юқори юра даври тузли қатламида ўта куюқ (540 г/л гача) намакоблар борлиги аниқланган.