ХЎЖАҒОР — сўнгги палеолит даврига оид манзилгоҳ. Қирғизистоннинг Ўш вилояти Қопқон қишлоғи яқинида жойлашган. 1954—55 й. ларда А. П. Окладников раҳбарлигида Тожикистон археология экспедицияси ўрганган. Хўжағорда яшаган одамлар чақмоқтошдан қуроллар ясаганлар. Хўжағордан тош парракчалар, чақмоқтош учириндиларидан ясалган хилмахил қирғичлар, тешгичлар, пармалар, найзасимон қуроллар ва б. топилган. Тезоқарсой манзилгоҳнинг бир қисмини ювиб кетган.