ТОЖИКИСТОН

ТОЖИКИСТОН (Точикистон), Тожикистон Республикаси (Чумҳурии Точикистон) — Ўрта Осиёнинг жан. шаркида жойлашган давлат. Майд. 143,1 минг км2. Аҳолиси 6578,5 минг киши (2002). Пойтахти — Душанба ш. Маъмурий жиҳатдан Тоғли Бадахшон мухтор вилояти, 2 вилоят ва 45 туманга бўлинади.

Давлат тузуми. Тожикистон — республика, унитар демократик ижтимоийҳуқуқий давлат. Амалдаги Конституцияси 1994 й. 6 нояб. да кабул килинган. Давлат бошлиғи — президент (1994 й. дан Э. Рахмонов), у Т. фукаролари томонидан 7 й. муддатга сайланади.

Қонун чиқарувчи ҳокимиятни Мажлиси Оли, ижрочи ҳокимиятни бош вазир бошчилигида Вазирлар Кенгаши (ҳукумат) амалга оширади.

Табиати. Тожикистон тоғли мамлакат, ҳудудининг 93% ини 300 м дан 7495 м баландликкача бўлган тоғлар, шунингдек, Ўрта Осиёнинг энг йирик тоғлари — Тяньшан ва Помир системасига кирадиган тоғлар эгаллайди. Ҳудудининг қарийб ярмини 3000 м дан баланд бўлган тоғликлар ташкил этади. Даре водийларининг кенгайган жойлари ва тоғ оралиғидаги сойликлар текисликлардан иборат, шим. да Қурама тизма тоғлари (Бобоиоб тоғи, бал. 3769 м) ва Мўғултоғ тоғлари (1624 м) жойлашган. Тожикистон марказий қисмида Олай тизма тоғлари (ғарбий қисми, 5539 м), Туркистон (5509 м), Зарафшон (5489 м, Чимтарға тоғи), Ҳисор ва Қоратегин тизма тоғлари (4643 м) ва Зарафшон водийси (Туркистон ва Зарафшон тизма тоғлари орасида), жан. ғарбий қисмида (ҲисорОлай тизма тоғларининг жан. да ва Помирнинг ғарбида) унчалик баланд бўлмаган Боботоғ, Оқтоғ, Қоратоғ, Тераклитоғ, Сарсарак, Рангонтоғ, Илонлитоғ ва б. бор. Ушбу тоғлардан айримлари жан. ва жан. ғарб томонга пасая бориб, Панж ва Амударё қирғокларигача қўшилиб кетган текисликлардан иборат. Юқоридаги тизма тоғлар оралиғида Ҳисор, Вахш, Ёвон, Қуйи Кофарниҳон, Сурхоб (Қизилсув) ва Яхсув водийлари жойлашган. Тожикистон жан. шарқий қисмида Помир тоғлари қад. кўтарган (Т. нинг энг баланд жойи — 7495 м). Унинг марказида Музкўл тизма тоғлари ва жан. ғарбда Шим. ва Жан. Аличур тизма тоғлари жойлашган.

Тожикистон ҳудудида Ўрта ва Жан. Тяньшан, Помир бурмали тизимлари ҳамда 2 йирик тоғлараро ботиқ (Фарғона ва Тожикистон депрессиялари) бор. Помир ва ҲисорОлай тизма тоғларида тоғ биллури, олтин, кумуш, симоб, сурма, мишьяк, вольфрам, молибден, тоштуз, асбест, кумир, нефть, табиий газ, темир, рух, қимматли тошлардан лаъл, ложувард, мармар конлари мавжуд. Ўнлаб минерал булоқлар, шу жумладан, Гармчашма шифобахш булоғи машҳур. Иқлими континентал. Янв. да ўртача т-ра водий ва тоғ ён бағирларида 2° дан —2° гача, Помирда —22°. Июлнинг ўртача траси водийларда 30°, Помирда 10°, энг юқори т-ра 48° гача (Вахш водийси ва Қуйи Панжда). Йиллик ёғин миқцори Ҳисор тизма тоғларининг шим. ён бағирларида 1600 мм гача. Тожикистон маркази ва жан. да ёз ва кузда қуруқ иссиқ шамол ва қисман гармсел, жан. да афғон шамоли эсади. Асосан, Помир ҳудудида мингдан ортиқ каттакичик музликлар бор. Даре кўп, уз. 10 км дан ортиқ бўлган дарёлар 947 та. Улар, асосан, Амударё, Сирдарё ва Зарафшон дарёси ҳавзаларига мансуб. Фақат Шарқий Помирдаги Оқжилға, Қоражилға ва Музкўл дарёлари берккўл — Қоракўлга қуйилади.

Тожикистонда 930 кўл бўлиб, аксарияти Помир ва ХисорОлай тизма тоғлари этагида жойлашган. Сарез, Яшилкўл, Искандаркўл, Каттакўл кўллари, Қайроққум, Норак, Фарҳод, Каттасой, Мўминобод ва б. сув омборлари бор. Тожикистон жан. ғарби ва шим. даги пасттекисликларда оч кулранг, тоғ ён бағирларида табиий кулранг, тўқ кулранг ёки жигарранг тупроклар учрайди. Шим. ва ҲисорОлай этаклари тупроқлари оч жигарранг, юқорироқда табиий жигарранг тупроклар. Ғарбий Помир сойликларида тўқ кулранг, Шарқий Помирда эса чўл тупроқлари мавжуд. Тожикистон ҳудудида ўсимликларнинг 4,5 мингдан ортиқ тури усади. Тоғ ён бағирларида, шунингдек, Қурама, Зарафшон, Ҳисор тизма тоғларида бутазор ва арчазор, Данғара, Мўминобод, Ховалинг, Чубек ва Фархор атрофидаги тоғ ва тоғ ён бағирларида писта, ёнғоқ, анор, олча, ўрик, нок, тут, бодом, дўлана, жийда, арча ва б. ёввойи мевали дарахтлар ўсади.

Ҳайвонот дунёси бой. Сут эмизувчиларнинг 84, қушларнинг 346, судралиб юрувчиларнинг 44, ҳашаротларнинг 10 мингдан ортиқ, балиқларнинг 40 тури мавжуд. Ёввойи ҳайвонлардан тўнғиз, ёввойи эчки, архар, кийик, айиқ, суғур, қушлардан товушқон, каклик, чил, қирғовул, бедана ва б. мавжуд. Жан. шарқ ва шим. даги тоғларда қоплон, бўри, тулки, жайра, қашқалдоқ, илон, ёввойи мушук, тоғ эчкиси, кийик, паррандалардан бургут, ўрдак, лайлак ва б. жониворлар учрайди. Табиатни қўриқлаш мақсадида Полвонтўқай, Ромит, Даштижум қўриқхоналари ва ботаника боғлари ташкил этилган.

Аҳолиси. Асосий аҳолиси — тожиклар; ўзбек, рус, қирғиз, туркман ва б. ҳам яшайди. Давлат тили — тожик тили. Диндорларнинг аксарияти сунний мусулмонлар. Шаҳар аҳолиси 28,3%. Йирик шаҳарлари: Душанба, Хўжанд, Қўрғонтепа, Кўлоб, Уструшона, Хоруғ ва б.

Тарихи. Ўрта Осиё, жумладан, ҳозирги Тожикистон худудидан сўнгги палеолит даврига оид қуроллар топилган. Қадимда Бақгрия давлати вужудга кедди. Кейинчалик Тожикистон ҳудудида Ахоманийлар ҳукмронлиги ўрнатилди. 329 й. да македониялик Александр қўшинлари бостириб келди, халқ унга қаттиқ қаршилик кўрсатди. Натижада Тожикистон ҳудудининг бир қисми Салавкийлар давлати таркибига, сўнг ҳудуднинг аксарият қисми ЮнонБақтрия подшолиги таркибига кирди. Кушонлар даврида йирик суғориш каналлари қурилди, шаҳарсозлик, ҳунармандчилик юқори даражага кўтарилди, айниқса, қўшни мамлакатлар билан савдосотиқ ва ижтимоий алоқалар ривожлана борди. Юнон ёзуви асосида кушон ёзуви пайдо бўлди.

5—6-а. ларда Ўрта Осиёнинг шарқий қисмини кўчманчи хионий қабилалари, сўнгра эфталийлар эгаллаб олди. 6-а. 2ярмида Тожикистон ҳудуди Турк хоқокпиги таркибига қўшиб олинди. 8-а. ўрталарида араблар бостириб келиши натижасида ислом дини жорий қилина бошланди. 9—10-а. ларда Тожикистон ҳудуди Тохирийлар ва Сомонийлар давлати таркибида, 9—13-а. ларда Ғазнавийлар, Кррахонийлар, Ғурийлар, Қорахитойлар, Хоразмшоҳлар давлатлари таркибида бўлган. Тожикистон ҳудудига бостириб кирган Чингизхон қўшинлари (1219—21) аҳолининг қаттиқ қаршилигига дуч келди (Хўжандда Темур Малик бошчилигидаги халқ қаршилиги ва б.). Мўғуллар истилоси иқтисодийижтимоий ва маданий ҳаётга жиддий зарар етказди. 14-а. нинг 2ярмига келиб, хўжалик қайтадан тиклана бошлади. Тожикистон ҳудуди бу даврда Амир Темур ва темурийлар, 16-а. да эса Шайбонийлар салтанати таркибида бўлди. Сўнгра Бухоро амирлиги қўл остига ўтиб, 19-а. нинг бошларида Бухоро амирлиги ва Қўқон хонлиги ўртасида тақсимланди. 19-а. нинг 2ярмида подшо Россияси томонидан забт этилди. Россияда Окт. тўнтариши (1917)дан сўнг аҳолининг жиддий қаршилигига (Иброҳимбек, Эшон Султон, Давлатмандбий, Фузайл Махсумлар бошчилигида) қарамасдан, Тожикистон большевиклар томонидан босиб олинди. 1917 й. нояб. — 1918 й. фев. да Шим. Тожикистонда шўро ҳокимияти ўрнатилди ва у Туркистон АССР таркибига кирди. Тожикистоннинг қолган ҳудуди Бухоро амирлиги таркибида бўлди. 1920 й. Бухоро босқинидан кейин БХСР ташкил этилди. 1924 й. Ўрта Осиё республикаларини «миллийдавлат чегараланиши» деб аталган бўлиб ташлаш натижасида Тожикистон Ўзбекистон ССР таркибида мухтор республика, 1929 й. эса СССР таркибида иттифокдош республикага айлантирилди. 1991 й. 9 сент. да мустақиллик тўғрисида декларация эълон қилинди ва «Тожикистон Республикаси» номи тасдикланди. Иттифоқ тугатилиб, Тожикистон 1991 й. сент. да мустақилликка эришгач, турли этник, диний ва маҳаллий уруғаймоқчилик гурухлари ўртасида қуролли тўқнашувлар бошланди, бу эса мамлакат сиёсий ҳаётида беқарорликка олиб келди. Ниҳоят, 1997 й. да ўзаро мухолиф кучлар миллий муросага келиб, тинчлик ўрнатилди. Тожикистон — 1992 й. дан БМТ аъзоси. ЎзР суверенитетини 1992 й. 6 янв. да тан олган ва ўша йил 1 окт. да дипломатия муносабатлари ўрнатган. Миллий байрами — 9 сент. — Мустақиллик куни (1991).

Сиёсий партиялари ва ҳаракатлар. Тожикистон халқдемократик партияси, 1994 й. халқ партияси номи билан таъсис этилган, 1997 й. дан ҳоз. номда; Т. коммунистик партияси, 1924 й. тузилган, 1992 й. янв. да тугатилиб, март ойида қайта ташкил этилган; Т. уйғониш ва миллий бирлик ҳаракати; Адолатхоҳ партияси, 1996 й. тузилган; Аграр партия, 1999 й. таъсис этилган; Т. ислом уйғониш партияси (Ҳизби наҳзати исломии Точикистон), 1978 й. яширин равишда ташкил этилган, 1991 й. дан ошкора фаолият юритади; Т. демократик партияси, 1990 й. тузилган; Т. социалистик партияси, 1996 й. таъсис этилган.

Хўжалиги. Тожикистон аграриндустриал мамлакат. Ялпи ички маҳсулотда қишлоқ хўжалиги. нинг улуши 25%, саноатники 35%, хизмат кўрсатиш соҳасиники 40%.

Қишлоқ хўжалигига яроқли ерлар 4,3 млн. гектар, шундан экинзорлар 827631 гектар, яйловлар 3,2 млн. гектар. Қ. х. нинг асосий тармоғи — деҳқончилик бўлиб, жами қишлоқ хўжалиги. маҳсулотининг 65% ни беради. Унда пахтачилик, айниқса, ингичка толали пахта етиштириш етакчи ўринни эгаллайди. Боғдорчилик, узумчилик, пиллачилик ривожланган. Мойли экинлар, зиғир, картошка, сабзавотполиз экинлари, емхашак экинлари экилади, ғалла ва шоли ҳам етиштирилади. Тоғ олди ва тоғ минтақаларининг суғориладиган ерларида тамаки, Ҳисор ва Вахш водийларида ёронгул экилади. Цитрус мевалар етиштириш яхши йўлга қўйилган. Тожикистоннинг барча ҳудудларида, айниқса, тоғ ён бағирларида чорвачилик ривожланган: қорамол, қўй, эчки, парранда, йилқи боқилади.

Саноатининг етакчи тармоқлари: енгил (пахта тозалаш, ип газлама, шойи, тикувчилик, гилам тўқиш), озиқ-овқат (мева консерваси, ёғмой ва б.), рангли металлургия (рангли ва ноёб металл рудалари қазиб чиқариш ва бойитиш, алюминий ишлаб чиқариш. ва б.), кончилик, кимё саноати (минерал ўғит, пластмасса ишлаб чиқариш.), машинасозлик, металлсозлик. Тожикистонда ош тузи, қўнғир кўмир, нефть, газ қазиб олинади; қурилиш материаллари ишлаб чиқарилади. Электроэнергетика саноати ривожланган: Норак, Роғун ва б. ГЭСларда электр энергияси ҳосил қилинади (йилига ўртача 17 млрд. кВтсоат).

Тожикистон узунлиги 490 км, автомобиль йўллари уз. 13 минг км. 1991 й. да ташкил этилган «Тожикистон» авиация компанияси самолётлари мунтазам равишда МДҲ мамлакатларининг Москва, Самара, Новосибирск, Олмаота, Бишкек, Ашхобод ва б. шаҳарларига ҳамда БАА (Шаржа), Покистон (Карочи), Афғонистон (Кобул), Эрон (Машҳад), шунингдек, Хўжанд ва Хоруғга учади. Душанба ва Хўжанд ш. ларида халкаро аэропорт бор.

Ташқи савдода дунёнинг 66 мамлакати, хусусан, МДҲ давлатлари, Афғонистон, Хитой билан ҳамкорлик қилади. Тожикистон четга алюминий, пахта, электр энергияси, ноёб металл ва тошлар, рангли рудалар, ҳўл мева ва сабзавот, тери, жун чиқаради. Четдан истеъмол моллари, озиқ-овқат маҳсулотлари, транспорт воситалари олади. Пул бирлиги — сомоний.

Тиббий хизмати. 90-й. лардаги сиёсий бошбошдоклик бу соҳага ҳам жиддий таъсир қилди. Мутахассисларнинг бир қисми республикани тарк этганликлари боис, ушбу соҳа жиддий зарар кўрди. Айни пайтда халқаро ҳамжамиятнинг кўмаги асосида республикада тиббиёт соҳаси ривожлана бошлади. «Зумрад» (Исфара), Обигарм, Хўжаобигарм, Шамбари, Қоратоғ, Хавотоғ, Гармчашма санаторий ва курортлари муҳим шифобахш масканлардир.

Маорифи, илмий ва маданиймаърифий муассасалари. Маорифи бошланғич, тўлиқсиз ўрта, умумий ўрта таълим мактабларидан, ўрта махсус ва олий ўқув юртларидан иборат. Йирик олий ўқув юртлари: Тожикистон унти, политехника, қишлоқ хўжалиги., санъат, тиббиёт, пед. интлари, Кўлоб ва Хўжанд пед. интлари. Бундан ташқари турли вазирликларга қарашли илмий муассасалар (ветеринария, деҳқончилик, эпидемиология ва гигиена интлари кабилар) бор.

Республикадаги и. т. лар Фанлар Академияси таркибидаги и. т. институтлари ва марказлар доирасида амалга оширилади.

1999 й. Т. даги 8 йирик олий ўқув юртларининг ташаббуси билан тузилган Фан ва маорифни ривожлантириш уюшмаси и. т. муассасалари, олий ва ўрта ўқув юртлари жамоаларини бирлаштирди. У янги ахборот технологияларини ишлаб чиқиб уни олий ва ўрта таълим тизимига жорий этиш, и. т. ларни ривожлантириш, халқаро таълим андозаларини Тожикистон олий ва ўрта таълим тизимига жорий этишга, бу соҳада халқаро тажриба айирбошлашга кўмаклашиш каби ишлар билан шуғуллана бошлади. Тожикистонда Фирдавсий номидаги Тожикистон давлат кутубхонаси, Т. Фанлар академиясининг Марказий илмий кутубхонаси ва мингдан ортик, оммавий кутубхона; 15 давлат музейи (Душанбада Тарих-ўлкашунослик ва тасвирий санъат музейи, С. Айний номидаги адабиёт музейи, Панжакентда А. Рудакий номидаги республика тарихўлкашунослик музейи ва б.) бор.

Матбуоти, радиоэшиттириши ва телекўрсатуви. Тожикистонда бир қанча газ. ва журнали нашр этилади. Асосийлари: «Жумҳурият» (тожик тилида чикадиган газ., 1925 й. дан «Иди тожик», 1955—91 й. ларда «Тожикистони Совети» номида чиққан), «Халқ овози» (ўзбек тилида чиқадиган газ., 1929—91 й. ларда «Совет Тожикистони» номи билан чиққан), «Садои мардум» («Халқ овози», газ., 1992 й. дан), «Бизнес и политика» («Бизнес ва сиёсат», газ., 1994 й. дан); адабийбадиий журналилар: тожик тилида «Садои Шарқ» («Шарқ овози»), «Маданияти Тожикистон» («Тожикистон маданияти»), рус тилида «Памир» («Помир») ва б. Т. ахборот агентлиги (ҳоз. «Ховар» ахборот агентлиги) 1933 й. да ташкил этилган. Тожикистонда радиоэшиттиришлар 1928 й. дан, Душанба телевизион маркази 1959 й. дан ишлай бошлаган.

Адабиёти. Тожик халқининг адабиёти ва маданияти жуда қад. ва бой тарихга эга. Тожик ёзма адабиётининг манбалари ҳоз. Эрон, Афғонистон ва Ўрта Осиё ҳудудида яратилган қад. халқ оғзаки ижодидан бошланади. 9—15-а. ларда форсий (дарий) тилидаги мумтоз адабиёт тожик ва форсий халклар тарихиймаданий тараққиётининг ҳосиласи эди. Тожик адабиёти бир неча даврни ўз ичига олади: 1давр — форслар ва тожиклар учун умумий бўлган форс тилидаги 9—15-а. лар адабиёти; 2давр — асосан, Ўрта Осиё ҳудудида 16 — 19-а. нинг 1ярмида мавжуд бўлган тожик адабиётини; 3давр — 19-а. нинг 2ярмидан 20-а. нинг 30-й. ларигача бўлган тожик адабиётини; 4давр — 20-а. нинг 30-й. ларидан ҳозиргача бўлган тожик адабиётини ўз ичига олади.

9 — 10-а. ларда форстожик тилидаги адабиёт, айниқса, тез ривожланди, шу сабабли бу давр ҳақли равишда тожик мумтоз шеъриятининг «олтин асри» ҳисобланади. Сомонийлар давлатининг маркази Бухорода форс тилидаги шеърият асосчиси Абу Абдуллоҳ Рудакий ижод қилди. Шеърий, насрий, фалсафийтаълимий асарларда қад. халқанъаналари ва қаҳрамонлик воқеалари, адолатли шоҳлар образлари қаламга олина бошлади. Абу Шукур Балхий, Абулҳасан Кисоий, Дақиқий ижодларида инсопарварлик ва адолат гоялари тарғиб қилиниб, зулм қораланди. 10-а. охири ва 11-а. бошларида форстожик шоири Абулкрсим Фирдавсий ўзининг ўлмас «Шоҳнома»сини яратди. 10-а. охирида Эрон ва Ўрта Осиёга суфизм ғоялари кириб келиб, шу асосда динийфалсафий таълимотлар, жумладан, исмоилийлар оқимининг адабиётга таъсири кучайди. Исмоилийларнинг ғоялари шоир ва мутафаккир Носир Хисрав ижодида акс этди.

13-а. бошларида мўғуллар босқини адабий ва фалсафий гояларнинг ривожига 2 аср давомида катта зарба берган бўлсада, Ҳиндистоннинг шим. (Хусрав Деҳлавий), Эроннинг жан. (Саъдий ва унинг замондошлари), Кичик Осиё (Жалолиддин Румий)да форстожик тилидаги адабиёт ривожи давом этди. 15-а. га келиб Ўрта Осиёда адабийфалсафий ҳаёт астасекин тиклана борди. Ҳирот маданий ва адабий ҳаёт марказига айланди. Бу ерда, айниқса, темурийлар ҳукмронлигининг сўнгти йилларида атоқли шоир ва адиблар тўпланган эди. Адабий ҳаракат бошида форстожик шоири Абдураҳмон Жомий ва ўзбек шоири Алишер Навоий турар эдилар.

16-а. дан тожик адабиёти форс тилидаги адабиётларнинг умумий оқимидан ажралиб, мустақил ривожланди. 19-а. нинг 2ярми — 20-а. бошларида тожик адабиётида маърифатпарварлик оқими вужудга келди. Бу оқимнинг асосчиси тожик ва ўзбек халқларининг мутафаккири Аҳмад Дониш эди. Шоир ва ёзувчилардан Раҳматулло Возеҳ, Шамсиддин Шоҳин (1859 — 93), Муҳаммад Ҳайрат (18781902) ғоявий жиҳатдан Аҳмад Донишга яқин эдилар. Тожик маърифатчилик адабиётида янги жанрлар (реалистик ҳикоя, фалсафийромантик қисса ва б.) пайдо бўлди, адабий тил халқ тилига яқинлаша бошлади. 20-а. нинг бошларида Садриддин Айний, Тошхўжа Асирий, Сирож Ҳаким каби ёзувчилар маърифатчилик адабиёти анъаналарини давом эттирибгина қолмасдан, адабиётни халқ ҳаётига яқинлаштиришда катта ишлар қилдилар. 1920—30 й. ларнинг бошларида Абулқосим Лоҳутий ижоди муҳим ўрин эгаллади. Бу даврда С Айний «Одина» (1924), «Дохунда» (1930) каби насрий асарларини яратди. 30-й. лар бошида адабиётга Мирзо Турсунзода, Жалол Икромий, Абдусалом Деҳотий, Раҳим Жалил, Ҳаким Карим, Мирсаид Миршакар, Сотўм Улуғзода ва б. кириб келди. 2жаҳон уруши йилларида тожик адабиёти ҳам бутун кучини фашизмга қарши курашга қаратди. Урушдан кейинги йилларда М. Турсунзоданинг «Ҳиндистон қиссаси» шеърий мажмуаси (1947 — 1948), «Ҳасан аравакаш» (1954), «Осиё садоси» (1956), «Жонгинам» (1960), «Гангадан Кремлгача» (1970) достонлари, Мирсаид Миршакарнинг «Жиловланмаган Панж» (1949), «Тоғлик қизнинг ишқи» (1961—62), «Муҳаббатнинг варақлари» (1975) тўпламлари ва «Ватан фарзандлари» пьесаси, Фотеҳ Ниёзийнинг «Вафо» (2 қисмдан иборат, 1949— 58), «Қуролсиз сарбозлар» (1985), Сотим Улуғзоданинг «Янгиланган ер», Раҳим Жалилнинг «Шўроб» романлари нашр этилди. 1980—90 й. лар адабиётга ёзувчи ва шоирларнинг янги авлоди кириб келди. Бу даврда Мўмин Қаноатнинг «Сино бешиги» (1980), «Оловли муҳаббат» (1985) достонлари, Лоиқ Шералининг «Оқ кун» (1984), «Дил уйи» (1986), «Офтобборон» (1988), «Мозор тоши» (1996) шеърий тўпламлари, Бозор Собирнинг «Тун киприги» (1981), «Офтобниҳол» (1982), «Татиб, туйиб» (1987) шеърий мажмуалари, Гулназар Келдиевнинг «Лангар» (1984), «Дарё ўзани» (1986), Гулрухсор Сафиеванинг «Ихлос» (1980), «Суғд алангаси» (1981), «Бохтар руҳи» (1987) шеърий тўпламлари ва «Сабзабаҳор аёллари» романи (1991) яратилди. 1990-й. лардан кейин адабиётга кириб келган Фарзона, Искандари Хатлоний ва яна кўплаб ёш қаламкашлар тожик адабиётининг ривожида муҳим ўрин тутади. Меъморлиги ва тасвирий санъати. Тожик халқининг бадиий маданияти қўшни халқлар, айниқса, ўзбеклар маданияти билан ўзаро боғлиқликда ривожланган. Тожикистон ҳудудидан топилган тасвирий санъат ёдгорликларининг энг қад. си Шарқий Помирдаги мезолит (мил. ав. 15—10минг йилликлар) даврига оид қоятош суратларидир. Жумладан, Панжакентдан топилган қоя суратида арфа чалаётган қиз тасвирланган (7—8-а. лар). 5—8-а. бошларида Тожикистон ҳудудида девор ва миноралар билан шаҳристонга эга бўлган шаҳарлар пайдо бўлди. Минтақада ислом дини тарқалгач, Тожикистон меъморлигида масжид ва мадрасалар, минора, мақбара ва хонақоҳлар қад. кўтарди. 9—10-а. лардан қурилишда пишиқ ғишт ишлатила бошланди. 11—12а. ларда Мозори Шарифда Муҳаммад Башаро мақбараси, 14 — 15-а. ларда Уструшонада Кўк гумбаз масжиди, 11 — 12 ва 15-а. ларда Конибодомда Муслиҳиддин мақбараси барпо этидци. 14-а. охири — 15-а. ларда монументал безак санъатида ёғоч ва ганчга нақш ўйиш, сирланган ва сирланмаган сопол, ёғоч ва ганчга тухумли темпера билан нақш солиш, зардўзлик ва б. кенг тарқалди. Тожикистон меъморлиги 1 қават пахса ёки хом ғиштли уйсозликдан бош режа асосида қурилаётган шаҳарларгача бўлган тараққиёт йўлини босиб ўтди. 1930-й. ларда Душанба, Хўжанд, Кўлоб, Конибодом ш. лари бош режа асосида курила бошлади. 1930—40й. лар бошларидаги шаҳарсозликда Ўрта Осиё меъморлиги элементлари бўлган классицизм шакллари устунлик қилди. 50-й. ларнинг 2ярмида шарқ анъаналарини ўзида мужассамлаштирган бинолар пайдо бўла бошлади. 1960-й. лардан сўнг Тожикистон меъморлари кичик мавзелар барпо этишга ўтдилар. Саноат ривожланиши туфайли Қўрғонтепа, Турсунзода, Норак, Ёвон сингари янги замонавий шаҳарлар қад. кўтарди. Душанбадаги «Тожикистон» меҳмонхонаси (1975, меъмори А. И. Онишченко), киноконцерт зали (1985, меъмори С. М. Сутягин) каби замонавий муҳташам бинолар барпо қилинди.

Тожикистонда замонавий тасвирий санъат 20-а. нинг 20-й. ларида вужудга кела бошлади. Илк рассомлар сиёсий ва ташвиқий плакатлар, ҳажвий журналилар учун безаклар яратиш, ўқув дарсликлари ва бадиий асарларни безаш билан шугулландилар. 2жаҳон уруши даврида графика, плакат ва, айниқса, карикатура ривожланди. 40-й. лар охири ва 50-й. ларда тасвирий санъат жанрлари кўпайди, рассомлар маҳорати ошди. 1947 й. Республика тасвирий санъат музейининг очилиши бунга яхши шароит яратди. Пейзаж жанрида И. Абдураҳмонов, Ф. Солмонов, С. Захаров салмоқли муваффақиятга эришдилар. Кейинчалик етишиб чиққан рассомлар И. Рахимов, X. Хушвақтов, 3. Ҳабибуллаев, А. Аминжонов, ҳайкалтарошлар А. Ғаниев, К. Жумагазин, график рассомлар К. Туренко, X. Расулов, Д. Сафоевпар ҳаётий мавзуларда ижод қилдилар. X. Хушвақтовнинг «Хоруғ», «Олай водийси», «Помир тоғларида», 3. Ҳабибуллаевнинг «Ғижжак», «Яйловда баҳор» асарлари зўр маҳорат билан яратилган.

1990-й. лар Тожикистон тасвирий санъатида миллий анъаналарни, замонавий бадиий ғояларни чуқурроқ сингдиришга асосий аҳамият берилди. Чунончи, рассом С. Қурбонов ижодига тожик халқининг тарихи, миллийлик илдизлари, урфодатлари гўзал шаклларда романтик бадиий услубда акс эттирилган. Тожикистон халқининг кўп асрлик тасвирий ва амалий санъатида безак асосий йўналиш бўлган. М. Хушмуҳамедов, А. Ҳайдаров, А. Камелин, А. Рахимов, М. Бекназаровлар миллий мерос анъаналарини бирмунча янгилаган ҳолда мана шу йўналишда ижод қилмоқдалар. П. Фальбов, С. Шарипов, А. Сайфиддинов каби рассомлар бу соҳада янги йўналиш яратиш йўлига тушиб оддилар. Л. Ирисметова, М. Носирова, М. Қодирова, М. Қурбонова, 3. Давлатшоева, Д. Мамажонова, Н. Ҳамидова, С. Саидова сингари истеъдодли аёл рассомлар етишиб чикди. Тожикистон замонавий ҳайкалтарошлиги (А. Бикасиён, В. Одинаев, Ж. Тошматов асарлари) да ҳам янги йўналиш бошлангани сезилади. А. Лоҳутий (ҳайкалтарош И. Милашевич), Мирзо Турсунзода (ҳайкалтарош А. Бикасиён) ҳайкаллари, Б. Ғафуров бюсти (ҳайкалтарош И. Иванов), Душанба ш. даги «Вахдат» мемориали (1999), Қўрғонтепадаги Исмоил Сомоний ҳайкали (1999) шундан далолат беради.

Амалий санъат соҳасида — кулолчиликда А. ва Б. Мавлоновлар, С. ва С. Сохибовлар, М. Мирзоев; наққошликда М. Олимов, К. Гаюров; ёғоч ўймакорлигида Ю. Баратбеков, А. Йўлдошев, А. Яҳёев; каштачиликда 3. Бахриддиновалар самарали ижод қилмоқцалар. 1998 й. Ўзбекистон Бадиий академиясининг Марказий кўргазмалар залила Тожикистон рассомларининг бадиий кўргазмаси бўлиб ўтди. Унда Тожикистон истикдол даври тасвирий санъати кенг намойиш этилган. Т. Меъморлар уюшмаси 1936 й., Рассомлар уюшмаси 1933 й. ташкил этилган. Тожикистон бадиий санъат ходимлари Душанбадаги Давлат Бадиий коллежида тайёрланади. Кўпгина тожик санъаткорлари Ўзбекистон санъат интлари ва билим юртларида таълим олган.

Мусиқаси. Анъанавий мусиқа маданияти бой ва хилмахил. У бир неча маҳаллий услубдан ташкил топган. Суғд вилоятида азалдан ёнмаён яшаб келган тожик ва ўзбек халқларининг мусиқа анъаналари ўзаро қоришиб кетган. Иккала қардош халқ мусиқа ижодида меҳнат, маиший ва моросим қўшиқлари («Майда», «Ёрёр», «Нақш» «Алла», «Бойчечак», «Садр», «Марсия» каби), лирик қўшиклар («мухаммас», «байт» ва б.), лапарлар, бастакорлар ашула ва куйлари (Содирхон ҳофиз Бобошарифов ва б.), халқ ва профессионал созлардан дутор, ғижжак, чанг, най, сурнай, қўшнай, дойра ва б. асосий ўрин тутади (яна қ. ФарғонаТошкенпг мусиқа услуби). Хатлон вилоятида «Фалак» («Фалаки») қўшиқ туркумлари лирикфалсафий мазмундаги форсча шеърларга яккахон хонанда томонидан соз жўрлигида айтилади. Шу ерда яшаётган ўзбек (лақай)ларнинг мусиқа анъаналари Ўзбекистоннинг СурхондарёҚашқадарё мусиқа услубига яқин: достон ва терма жанрлари, дўмбира, чангқўнғиз, чўпон най ижрочилиги ва ҳ. к. Тоғли Бадахшон мухтор вилоятида истиқомат қилаётган ванчлик, язгулемлик, рушонликлар каби элатларда ўйин қўшиқ ва куйлари («Аспакбози», «Рупцак базай» каби), мусиқий томоша («Бобо сафар» «Мўғулбози»), «Деҳқоннома» каби меҳнат қўшиклари, «Чорбайтхо», «Ғазалхо» каби лирик қўшиқлар, аёллар ижодида — «Булбулик», «Даргилак» каби лирик айтимлар, чолғулардан эса сўрнак (чўпон най), ванч дутори, помир рубоби, бландзиком ва б. машҳур. Мумтоз мусиқа (мақом, ашула йўллари, чолғу куйлар) асосан шаҳар (Хўжанд ва б.)ларда шаклланган. 20-а. ўрталаридан ФартнаТошкент мақом йўллари билан бирга Бухоро Шашмақомн ижрочилиги ҳам ривож топган (Ф. Шаҳобов, Ш. Соҳибов, Б. Файзуллаев ва б.). Т. да дастлабки мусиқа ўқув юртлари 1929 й. Хўжандда, 1934 й. Душанбада ташкил этилиб, 1939 й. да биринчи тожик операси «Восе қўзғолони» (композитор С. А. Баласанян) намойиш қилинди. Тожикистонда Суғд вилоят мусиқали комедия театри, давлат филармонияси, «Гулшан» эстрада ансамбли (1966 й. дан), Борбад номидаги концерт саройи фаолият кўрсатади. Бастакорлардан Ақмад Бобоқулов, Боймухдммад Ниёзов, Маъруфхўжа Баҳодуров, хонандалардан Зафар Нозимов, Ҳанифа Мавлонова, Шоҳиста Муллажонова, Жўрабек Муродов, Жўрабек Набиев, Нигина Раупова, Мастона Эргашева, Давлатманд Холов, Далер Назаров, Афзалшо Шодиевларнинг тожик санъатини ривожлантиришдаги ҳиссалари катта.

Театри. Европача типдаги тожик театри дастлаб 1919 й. да Хўжандда, кейинчалик Конибодом, Ўратепа ва Исфарада ҳаваскорлик театрлари тарзида пайдо бўдди. 1929 й. Душанбада ҳаваскорлик тўгарагида Тожик давлат драма театри номи билан 1профессионал театр (ҳоз. Лоҳутий номли театр) ташкил этилди. 1932 й. Хўжандда мусикали драма театри иш бошлади. Уларда замонавий мавзудаги асарлар саҳналаштирйдди. А. Усмоновнинг «Кураш», К. Яшиннинг «Ёндирамиз», Ж. Икромийнинг «Душман», М. Турсунзоданинг «Ҳукм», М. Аминзоданинг «Шараф» пьесалари кўрсатилди. Фирдавсийнинг «Шоҳнома»си асосидаги «Рустам ва Суҳроб», жаҳон мумтоз драматургиясининг «Отелло», «Макр ва муҳаббат» асарлари Лоҳутий номли театр саҳнасида намойиш этилди. Актёрлардан М. Қосимов, Л. Зоҳидова, Т. Фозилова, А. Бурҳонов, X. Раҳматуллаев, Г. Валламатзода, Б. Тожибоева, балет рақкрсаси М. Собирова ва б. машҳур. Рудакий номидаги Хоруғ ва С. Вализода номидаги Кўлоб мусикали драма театрлари жамоалари Тожикистонда театр санъатининг ривожига муҳим ҳисса қўшдилар.

Киноси. Тожикистон кинематографияси 1929 й. вужудга келди. Душанбага 1поезд келишига бағишланган киножурнал суратга олиб кўрсатилди. 1930 й. «Тожиккино» бирлашмаси ташкил этилди. 1932 й. «Амирлар ўлган чоғда» биринчи бадиий фильми яратилди. 1939 й. «Боғ» (реж. Н. В. Досталь), «Дўстлар қайта учрашганда» (реж. К. Ёрматов) номли дастлабки овозли бадиий фильмлар яратилди. 40-й. ларда ҳарбий ватанпарварлик мавзуидаги ҳужжатли фильмлар («Темурнинг қасами», «Тожикистон фарзанди» ва б.) суратга олинди. 1957 й. реж. Б. А. Кимёгаров С. Айнийнинг «Дохунда» тарихий қиссасини, сўнг М. Турсунзоданинг «Ҳасан аравакаш» достонини экранлаштирди. Шундан сўнг бир катор бадиий фильмлар — «Дўстим Наврузов» (реж. лар Ш. Қиёмов, Н. Литус), «Тоғдаги чирок» (реж. Б. Долинов), «Бир қизни учратдим» (реж. Р. Я. Перельштейн), «Ўғлим уйланмоқчи» (реж. Т. Собиров) бадиий фильмлари яратилди. 1960—70 й. ларда етишиб чиққан М. Қосимов, М. Орипов, С. Ҳамидов, В. Аҳадов, Б. Арабов каби реж. лар кинематографияга янги мавзу ва услублар олиб кирдилар. Уларнинг «Ниссо», «Тоғларда юрагим қолди», «Кўҳна масжид ёнидаги учрашув», «Жўра саркор», «Учинчи қиз» каби фильмлари муваффақият қозонди. 1970—1980 й. ларда қатор бадиий ва ҳужжатли фильмлар суратга олинди. Д. Худоназаров («Ёшликнинг биринчи тонги»), Ю. Юсупов («Жиноятчи ва оқловчи») каби реж. лар машҳур бўлди. Тожик киносини ривожлантиришга реж. лардан К. Ёрматов, Н. Тиллаев, артистлардан М. Қосимов, 3. Дўстматов, М. Воҳидов, сценарийчилардан М. Турсунзода, С. Улуғзода, М. Миршакар ва б. катта ҳисса қўшдилар.

Ўзбекистон — Т. муносабатлари. Тожик ва ўзбек халкдарининг яшаш шароити, урфодатлари, турмуш тарзи бир-бирига ниҳоятда яқин. Ўзбекистон Республикаси Президента И. А. Каримов таъкидлаганидек, ўзбек ва тожик халклари икки тилда гаплашадиган бир халқ. Бу 2 халқнинг ўтмишда биргалашиб, ўз озодлиги, эрки учун курашгани, ўлмас меъморий ёдгорликлари ва санъат дурдоналарини яратгани тарихдан маълум. Асрлар давомида купгина тожик ва ўзбек санъаткорлари бирибирига устоз, бирибирига шогирд бўлиб ижод килиб келишган.

Икки буюк арбоб — Жомий билан Навоийнинг дўстлиги ва ҳамкорлиги тожик ҳамда ўзбек адабий ва маданий алоқалари тарихидаги ёрқин саҳифадир. Жомий ва Навоий бошлаб берган зуллисонайнлик анъаналарини Машраб, Турди, Нодира, Фурқат, Завқий, Анбар отин, Асирий, Айний, Ҳамза ва б. давом эттирдилар. Ҳамза тожик тилида ҳам ғоявий бадиий жиҳатдан етук шеърлар яратиши билан баробар ўзининг драма труппаси билан Тожикистоннинг шаҳар ва туманларида томошалар кўрсатди.

С. Айний «Куллар» романини ўзбек тилида яратди ва тожик ҳамда ўзбек тилида самарали ижод қилиб, ўзининг ҳам бадиий, ҳам илмий асарлари билан 2 халқ маданиятини ривожлантиришда катта роль уйнади.

20-й. лар охиридан Тожикистон театрларида Хамзанинг «Бой ила хизматчи», К. Яшиннинг «Гулсара», F. Зафарийнинг «Ҳалима», Хуршиднинг «Фарҳод ва Ширин», кейинроқ С. Абдулланинг «Тоҳир ва Зухра», Уйғун ва И. Султоннинг «Алишер Навоий», Туйғуннинг «Муҳаббат» ва б. пьесалари саҳналаштирилди. Аи ни вақтда тожик драматургларидан С. Улуғзоданинг «Гавҳари шамчироқ», С. Ғанининг «Туй», Ғ. Абдуллонинг «Шарқ садоси» каби пьесалари ўзбек театрлари саҳналарида намойиш қилинди.

Тожикўзбек маданий ва адабий алоқаларнинг равнақ топишида бадиий таржимачилик ҳам муҳим аҳамиятга эга. С. Айнийнинг 8 жилдли асари, А. Лоҳутийнинг «Девон»и, М. Турсунзоданинг деярли барча асарлари, Миршакарнинг «Биз Помирдан келдик», «Олтин қишлоқ», «Тог қизининг ишқи», Ж. Икромийнинг «Олов қизи», «Бухоронинг ўн икки дарвозаси», С. Улуғзоданинг «Ёшлигимиз тонги», «Восъе», Р. Жалилнинг «Пўлод ва Гулрў», «Шўроб», Ф. Ниёзийнинг «Вафо» асарлари ва б. нинг шеърий, насрий асарлари ўзбек тилида нашр этилган. Айни вактда Ҳамза, А. Қодирий, F. Ғулом, Ойбек, А. Қаҳҳор, Ғайратий, Ҳ. Олимжон, Ш. Рашидов, Зулфия, А. Мухтор, Р. Файзий, С. Абдулла, Э. Воҳидов, А. Орипов, Г. Жураева, Б. Бойқобилов ва б. нинг асарлари тожик тилига таржима қилиниб, Тожикистонда нашр этилган. Ўзбектожик адабий ва маданий алоқаларининг равнақ топишида Тожикистонда яшаб ўзбек тилида ижод килган шоир ва ёзувчилар: Аширмат, М. Тўлқин, М. Остон, Ў. Жамол, Ж. Тошматов, 3. Дўстматов, К,. Мамажонов, Ш. Саттор, А. Усмон, X. Қурбонова, С. Нишонова, Ж. Эргаш, У. Умаров, А. Зуҳур ва б. нинг ҳам ҳиссаси бор.

Ушбу ижтимоийтарихий анъана ҳар 2 давлат миллий мустақилликни қўлга киритгач, янгича мазмун касб этди. Ўзбекистон Тожикистон даги ҳарбийсиёсий вазиятни барқарорлаштиришда ва уни ижобий ечимини топишда сезиларли мавқени эгаллади. ЎзР Президенти И. А. Каримов 1992 й. сент. да БМТ нинг Бош котибига мурожаатнома йўллаб, халқаро ҳамжамият эътиборини Тожикистон муаммоларига қаратиб бу муаммоларни тинч йўл билан ҳал этишга чақирди. Тожикистонда тинчлик жараёнининг амалга ошиши ва аҳдлашувларнинг барча босқичида Ўзбекистон расмий кузатувчи сифатида иштирок этди. 2000 й. 14—15 июнда И. А. Каримовнинг расмий ташриф билан Душанба ш. да бўлиши, Э. Раҳмоновнинг Тошкентда бўлиши ўзбектожик муносабатларининг янги поғонага кўтарилишидан далолат эди.

1998 й. езда Ўзбекистонда Т. Республикасининг маданият кунлари бўлиб ўтди. 1995 й. Тошкент ш. да Т. Республикасининг, 2000 й. Душанба ш. да ЎзР элчихонаси очилиб, улар давлатлараро сиёсий, иқтисодий, маданий ва маънавий алокаларни мувофиқлаштириш йўлида хизмат қилмоқда.

Кейинги вақтда ЎзР билан Тожикистоннинг савдоиқтисодий алоқалари бирмунча ривожланди. ЎзРнинг ташқи савдо айланмасида Тожикистоннинг улуши 2003 й. да 2002 й. га нисбатан 24,7% ошди ва 2,2% ни ташкил этди.

Насриддин Маманазаров.


Кирилл алифбосида мақола: ТОЖИКИСТОН ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: T ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
РОССИЯ
АМЕРИКА ҚЎШМА ШТАТЛАРИ
ҚИРҒИЗИСТОН


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты