«ЁРИЛТОШ» — ўзбек халқ эртаги. Мавзуи кенг тарқалган. Хоразмда «Олтин бешик», Тошкент, Бухоро, Самарканд, Фарғонада «Ёрилтош», «Очил, очил қамишлар» номи билан машҳур. Мазкур вариантларнинг мавзу ва ғояси муштарак, айрим эпизодларидагина фарқ бор. Ҳақиқат ва эзгуликнинг ёмонлик устидан тантанаси «Ёрилтош»нинг ғоявий мазмунини ташкил этади. Эртак қаҳрамонлари сеҳржоду таъсирида бўладилар. Сингилнинг тош ва кийикка айланиши, аёлнинг сув остида икки фарзанд кўриши каби ҳодисалар тилсим билан боғлиқ бўлиб, сеҳр ечилганда улар ўз аслига қайтадилар. Опасингилларнинг табиат кучларини илоҳийлаштириб, муқаддас билиб топиниши, мадад сўрашида ибтидоий инсон тафаккури билан боғлиқ бўлган мифологик ва анимистик тасаввурлар акс этган. Р. Мўминнинг бу эртак асосида яратган асари 20й. ларда катор ўзбек театрларида саҳналаштирилган. Кейинчалик Шукур Саъдулла «Ёрилтош» драмасини (1939) ва композитор С. Бобоев билан ҳамкорликда «Ёрилтош» операсини (1967) яратган.