ЮРИДИК ШАХС — фуқаролик ҳуқуқ ва мажбуриятларининг субъектлари ҳисобланувчи корхона, муассаса, ташкилотлар. ЎзР фуқаролик қонунчилигига кўра, Юридик шахс ўз мулкида, хўжалик юритишида ёки оператив бошқарувида алоҳида молмулкка эга бўлган ҳамда ўз мажбуриятлари юзасидан ушбу молмулк билан жавоб берадиган, ўз номидан мулкий ва шахсий номулкий ҳуқуқларга эга бўла оладиган ва уларни амалга ошира оладиган, мажбуриятларни бажара оладиган, судда даъвогар ва жавобгар бўла оладиган ташкилотдир. Юридик шахслар мустақил баланс ёки сметага эга бўлишлари керак.
Ўзбекистон Республикасининг ФКда Юридик шахс ларнинг қуйидаги 2 тури фарқланади:
1) тижоратчи ташкилотлар, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олган ташкилотлар. Мас, хусусий корхоналар, хўжалик ширкатлари ва жамиятлари;
2) тижоратчи бўлмаган ташкилотлар, яъни фойда олишни ўз фаолиятининг асосий мақсади қилиб олмаган ташкилотлар. Мас, жамоат бирлашмалари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари. Ю. ш. лар фуқаро (фуқаролар) томонидан (мас, хусусий корхона, масъулияти чекланган жамият, нотариал контора каби шаклларда), Ю. ш. ларнинг ўзлари томонидан (мас, ўзга акциядорлик жамиятининг акцияларини сотиб олиши йўли билан, Юридик шахслар бирлашма ёки уюшма иттифоқларига бирлашиши орқали), давлат томонидан (мас, оператив бошқарувга асосланган таълим муассасасини ташкил қилиш, давлат молмулки бўлган корхона очиқ акциядорлик жамиятига айлантирилаётган пайтда акцияларнинг бир қисми давлатнинг ўзида қолган ҳоллар) таъсис этилиши мумкин. Улар, ўз навбатида, ташкил қилинган Юридик шахснинг муассислари (таъсисчилари) ҳисобланадилар. Шунингдек, ЎзРда Юридик шахснинг таъсисчиси чет эл фуқароси, чет эл компанияси (Ю. ш. и) ҳам бўлиши мумкин. Қоидага кўра, устав жамғармасининг миқдори таъсис этилаётган Юридик шахс давлат рўйхатидан ўтказилаётган пайтда 150000 АК. Ш долларидан ортиқ ва улушнинг камида 30 фоизини чет эл инвесторининг ҳиссаси ташкил этса, бундай Юридик шахс — қўшма корхона, агар юз фоиз улуш чет эллик инвесторга ■■ тегишли бўлса, бундай Юридик шахс — хорижий корхона ҳисобланади. Айни вақтда бундай мулкий цензлар маҳаллий Юридик шахс ларга ҳам ўрнатилган. Чунончи, масъулияти чекланган жамиятнинг, хўжалик ширкатининг устав фонди жамиятни, ширкатни давлат рўйхатидан ўтказиш пайтидаги қонун ҳужжатларида белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан кам бўлмаслиги керак. Айни вақтда Юридик шахс ларнинг мулкий маблағлари соҳасида айрим чеклашлар ҳам мавжуд. Мас, Юридик шахснинг бир тури бўлган сиёсий партиялар хайрия ёрдамини фақат Ўзбекистон Республикаси Ю. ш. лари ва фуқароларидан оладилар (Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 30 апр. даги «Сиёсий партияларни молиялаштириш тўғрисида»ги қонуни). Ўзбекистон Республикасининг «Тадбиркорлик фаолияти эркинлигининг кафолатлари тўғрисида»ги қонуни (2000 йил 25 май)га кўра, Юридик шахс шлар қонун билан тақиқланмаган ҳар қандай фаолият тури билан шуғулланишлари мумкин. Шунингдек, айрим фаолият турлари билан фақат рухсатнома (лицензия) орқали шуғулланишга иўл қуиилади (ЎзРнинг 2000 йил 25 майдаги «Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида»ги қонуни). ЎзР Олий Мажлисининг 2001 йил 12 майдаги қарори билан «Амалга оширилиши учун лицензия талаб қилинадиган фаолият турларининг рўйхати» белгиланган. Уларга, жумладан, атом энергетикаси объектларини лойиҳалаштириш, қуриш, улардан фойдаланиш ва таъмирлаш, геодезия ва харитаграфия фаолияти, маҳсулотлар ва хизматларни сертификатлаш, ноширлик, тиббий, нодавлат таълим муассасалари фаолияти кабилар киради. Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 57-моддасига кўра, конституциявий тузумни зўрлик билан ўзгартиришни мақсад қилиб қўювчи, республиканинг суверенитети, яхлитлиги ва хавфсизлигига, фуқароларнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларига қарши чиқувчи, урушни, ижтимоий, миллий, ирқий ва диний адоватни тарғиб қилувчи, халқнинг соғлиги ва маънавиятига тажовуз қилувчи, шунингдек, ҳарбийлаштирилган бирлашмаларнинг, миллий ва диний руҳдаги сиёсий партияларнинг ҳамда жамоат бирлашмаларининг тузилиши ва фаолияти тақиқланади. Махфий жамиятлар ва уюшмалар тузиш ҳам тақиқланади.
Юридик шахснинг ҳуқуқ лаёқати у тузилган пайтдан, яъни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб вужудга келади ва унинг фаолияти тугаши (тугатилиши) билан тугайди. Юридик шахс устав асосида ёки таъсис шартномаси ва устав асосида ёхуд фақат таъсис шартномаси асосида иш олиб боради. Қонунда назарда тутилган ҳолларда тижоратчи ташкилот бўлмаган Юридик шахс шу турдаги ташкилотлар ҳақидаги низом асосида иш олиб бориши мумкин. Юридик шахс қонунларга ва таъсис ҳужжатларига мувофиқ иш олиб борадиган ўз органлари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлади ва зиммасига фуқаролик бурчларини олади. Юридик шахс органларини тайинлаш ёки сайлаш тартиби қонунлар ва таъсис ҳужжатлари билан белгиланади. Қонунда назарда тутилган ҳолларда Юридик шахс ўз иштирокчилари орқали фуқаролик ҳуқуқларига эга бўлиши ва фуқаролик бурчларини ўз зиммасига олиши мумкин. Юридик шахс ларнинг фаолияти қайта ташкил этиш (қўшиб юбориш, қўшиб олиш, бўлиш, ажратиб чиқариш, ўзгартириш) ёки тугатиш (муассисларнинг қарори билан, фаолият рухсатномасиз олиб борилганда, банкрот деб топилганда — суднинг қарори билан) орқали бекор бўлади.
Мамлакатимизда Юридик шахслар фаолиятини бевосита тартибга солувчи бир қанча қонун ҳужжатлари мавжуд: «Ўзбекистон Республикасида жамоат бирлашмалари тўғрисида» (1991 йил 15 фев.). «Акциядорлик жамиятлари ва акциядорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида» (1996 йил 26 апр.). «Нотариат тўғрисида» (1996 йил 26 дек.), «Адвокатура тўғрисида» (1996 йил 27 дек.), «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида» (1997 йил 26 дек.), «Қишлоқ хўжалиги кооперативи (ширкат хўжалиги) тўғрисида» (1998 йил 30 апр.), «Фермер хўжалиги тўғрисида» (янги таҳрирда 2004 йил 26 авг.), «Деҳқон хўжалиги тўғрисида» (1998 йил 30 апр.), «Нодавлат нотижорат ташкилотлари тўғрисида» (1999 йил 14 апр.), «Қурилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун Юридик шахс ларнинг жавобгарлиги тўғрисида» (2000 йил 15 дек.), «Хўжалик ширкатлари тўғрисида» (2001 йил 6 дек.), «Масъулияти чекланган ҳамда қўшма масъулиятли жамиятлар тўғрисида» (2001 йил 6 дек.), «Хусусий корхона тўғрисида» (2003 йил 11 дек.)ги ва бошқалар қонунлар. Ад.: 3окиров И. Б., Ўзбекистон Республикасининг фуқаролик ҳуқуқи, Т., 1996; Раҳмонқулов Х. Р., ЎзбекистонРеспубликаси Фуқаролик кодексининг биринчи қисмига умумий тавсиф ва шарҳлар, Т., 1997; Рўзиназаров Ш. Н., Бозор шароитида қишлоқ хўжалиги ишлаб чиқариш тузилмаларининг фуқаролик ҳуқуқий мақоми, Т., 1997; Кашанина Т. В., Корпоративное право, М., 1999; Аюбов У., Фермер хўжаликларини ташкил этишни тартибга солиш, Т., 2002; Ғуломов С. С., Халқаросавдо ҳуқуқи, Т., 2002; Тадбиркорлик ҳуқуқи, Т., 2002; Юлдашев Ж. И ., Акциядорлик жамиятлари — фуқаролик ҳуқуқининг субъекти, Т., 2004.
Миродил Баратов.