ЮҚОРИ МАНТИЯ, Ер юқори мантияси — Ер шарининг қобиқларидан бири; Ер пўстининг остида ётувчи Ер мантиясининг юқори қисми. Бўйлама сейсмик тўлқинлар тезлиги сакраш йўли билан ўсиб борадиган қатлам — Мохоровичич юзаси улар оралиғидаги чегара ҳисобланади. Юқори мантиянинг ётиш чуқ. 5—75 км гача, таги 1000 км чамаси чуқурликда жойлашган. Тахмин қилинишича, Юқори мантия ўта асосли (перидотит) ва асосли тоғ жинсларидан (эклогит) таркиб топган. Юқори мантия (юқоридан пастга) субстрат, кам қаттиқлик ва ёпишқоқликка эга бўлган жинслар қатлами ёки астеносфера ва сейсмик тўлқинлар тарқалиши тезлигинниг жадал ўсиши кузатиладиган Голицин катламита бўлинади. Субстрат Ер пўсти билан биргаликда литосферани ташкил қилади. Юқори мантиянинг тузилиши ҳар хил тектоник зоналар остида турлича; улар сейсмик тўлқинлар тезлиги, иссиқлик оқими, Юқори мантия устки қатламининг зичлиги ва суюқ магма ўчоқларининг мавжудлиги таъсирида пайдо бўлади. Кўпгина тектоник гипотезаларда Ер пўсти Юқори мантия моддаларининг эриши натижасида ҳосил бўлади деб ҳисобланади, унда тектоник, магматик, метаморфик ва бошқалар жараёнларнинг анчагина қисми фақат Ер пўстидагина эмас, балки Ер Ю. м. да содир бўлаётган маълум даражадаги ўзгаришларга ҳам боғлиқдеган фикрлар мавжуд. Юқори мантия тузилишининг муҳим хоссаларидан бири — сейсмик тўлқинлар тезлиги пасайган зонанинг кўпайишидир. Ер пўстида содир бўладиган тектоник, магматик ва метаморфик жараёнларда, фойдали қазилмалар ҳосил бўлишида Юқори мантия муҳим роль ўйнайди.