ЮҚОРИ ЧИРЧИҚ ТУМАНИ — Тошкент вилоятидаги туман. 1926 йил 29 сентябр да ташкил этилган. 1959 йилда Паркент тумани, 1962 йилда Бўстонлиқ тумани қўшилди. 1964 йилдан Бўстонлиқ, 1979 йилдан Паркент тумани ажралиб чиқци. Шим. шарқдан Бўстонлиқ ва Паркент, жан. ва жан. шарқцан Оҳангарон, жан. ғарбдан Ўрта Чирчиқ, ғарбдан Тошкент шаҳри ва Қибрай туманлари билан чегарадош. Майд. 0,44 минг км2. Аҳолиси 112,5 минг киши (2005). Туманда 1 шаҳарча (Янгибозор), 9 қишлоқ фуқаролари йиғини (Арғинчи, Сосбақа, Бордонкўл, Жамбул, Оқовул, Наврўз, Саксонота, Суранкент, Тинчлик) бор. Туман маркази — Янгибозор шаҳарчаси.
Табиати. Туман ҳудуди Чирчиқ дарёсининг чап соҳилидаги текисликда, ўртача 550 м баландликда жойлашган. Иқлими континентал. Шарқ ва шим. дан Чатқол тизмаси билан ўралган. Қиши бирмунча совуқ, ёзи иссиқ. Янв. нинг ўртача т-раси —1,5° дан —2° гача, энг паст т-ра — 20°. Июлники 25—28°, энг юқори т-ра 41—42° гача. Йиллик ўртача ёғин 350—400 мм. Вегетация даври 200 кун. Туман ҳудудидан ўтган Қорасув, Чирчиқ дарёлари, Паркент, Ҳондам каналлари, Оққулик, Ёйилма, Қизилсой сойларидан қ. х. экинларини суғоришда фойдаланилади. Тупроқлари бўз тупроқ. Ёввойи ўсимликлардан шўра, қамиш, юлғун; кийикўт, исириқ, гулхайри, қораандиз, қизилмия, эрмон сингари доривор гиёҳлар ва бошқалар ўсади. Ёввойи қайвонлардан чиябўри, тулки, ондатра, юмронқозиқ, сувилонлар; қушлардан ёввойи ўрдак, тустовуқ, қирговул ва бошқалар учрайди.
Аҳолиси, асосан, ўзбеклар, шунингдек, қозоқ, корейс, рус, татар ва бошқалар миллат вакиллари ҳам яшайди. Аҳолининг ўртача зичлиги 1 км2 га 256 киши (2005). Шаҳар аҳолиси 12950 киши, қишлоқ аҳолиси 99550 киши (2005).
Хўжалиги. Туман иқтисодиёти, асосан, қ. х. ишлаб чиқаришига ихтисослашган. Пахта тозалаш, қ. х. машиналари ишлаб чиқариш тажриба з-ди, босмахона, МТП, ,тошшағал майдалаш ва саралаш кти, автокорхона, қурилиш ташкилотлари, 300 кичик корхона ва бошқалар ишлаб турибди. 6 қўшма корхона фаолият кўрсатади. Туманда 5 ширкат, 830 фермер хўжалиги мавжуд. Суғориладиган ерларда пахта, баҳорикор ерларда дончилик; шунингдек, чорвачилик, пиллачилик ривожланган. Қ. х. да фойдаланиладиган ерларнинг 6,3 минг га майдонига пахта, 12,8 минг га майдонига ғалла, 1,1 минг га ерга сабзавот экинлари экилади. Тутзор, пичанзор ва яйловлар бор. Боғдорчилик, токчилик ривожланган. Туман хўжаликларида 29,5 минг қорамол, 14,9 минг қўй ва эчки боқилади.
Юқори чирчиқ туманида 40 умумий таълим мактаби (24,2 минг ўқувчи), болалар мусиқа мактаби, касб-ҳунар коллежи фаолият кўрсатади. 24 кутубхона, 6 маданият уйи, 10 клуб муассасаси аҳолига хизмат кўрсатади. 3 стадион, 35 спорт зали, 37 футбол, 40 баскетбол, 14 қўл тўпи майдонлари бор. Туман марказий касалхонаси ва унинг бўлимлари, туғруқхона, поликлиника, 19 қишлоқ врачлик пункти, 2 та диспансер, 4 фельдшеракушерлик пункти ва бошқалар тиббий муассасаларда 149 врач, 850 ўрта тиббий ходим ишлайди. 1932 йилдан «Суръат — қарқьш» туман газ. (ўзбек ва қозоқ тилларида) нашр этилади (адади 2396).