ЁҒЛАРНИ ТОЗАЛАШ — ёғларни заҳарли (зарарли) моддалар ва механик аралашмалардан тозалаш. Ёғларни механик ва кимёвий тозалаш усуллари бор. Механик тозалаш ёғларни тиндириш, сузиш (фильтрлаш) ва сепарациялаш (ёт моддалардан ажратиш) жараёнларини ўз ичига олади. Ёғларни кимёвий тозалаш уларни триглицерид бўлмаган, аммо уруғ (мағиз) таркибида учрайдиган ҳар хил йўлакай моддалардан холи қилиш. Уруғ мураккаб коллоид система бўлиб, ўсимликнинг тури, агротехника усули ва сақлаш шароитларига қараб унинг таркибида триглицеридлардан ташкари эркин ҳолдаги ёғ кислоталари, фосфолипидлар, оқсиллар, карбон сувлар, ҳар хил ранг ҳамда ҳид берувчи моддалар бўлади. Ёғ олиш жараёнида юқорида қайд этилган моддалар ҳам ёғ билан бирга чиқади. Овқатга ишлатиладиган ёғлар триглицерид бўлмаган аралашмалардан тозаланиши — рафинация қилиниши шарт. Аралашмаларнинг таркиби ва хусусияти ҳамда ёғнинг қайси мақсадда ишлатилишига қараб рафинация жараёни кўп босқичли бўлиши мумкин. Кўп ҳолларда рафинация ёғларни сув билан ишлаб (гидратация) фосфолипид — оқсилкарбон сувлар комплексини ажратиб олишдан бошланади. Ёғларни эркин ҳолдаги ёғ кислоталари ва б. йўлакай аралашмалардан тозалаш учун, мас, пахта ёғини ишқор (NaOH) эритмаси билан ишланади. Ҳосил бўлган совунли эритма (соапсток) тиндириш ва сузиш йўли билан ёғдан ажратиб олинади. Сўнгра ёғ ош тузи эритмаси ва сув билан ювилади, қуритилади. Бунда у эркин ёғ кислоталари, кисман ранг ва ҳид берувчи моддалардан тозаланади. Айрим ҳолларда, мас, паст навли пахта чигити ёғини оқартириш, яъни ранг берувчи госсипол ва йўлакай моддалардан тозалаш учун турли адсорбентлардан фойдаланилади. Ёғлардаги қўланса ҳидни йўқотиш (дезодарация) учун ёғ 160—200° гача қиздирилиб, вакуумда 220—240° ли сув буғи билан ишланади. Тозаланган ёғ озиқовқат маҳсулотлари тайёрлашда, чиқиндиларни эса совун, сирт фаол моддалар, доридармонлар, фосфолипидлар ва б. олишга ишлатилади.