ЁҒОЧ ПЛИТАЛАР — ёғоч толаси ёки қипиғига ишлов бериб тайерланадиган материаллар. Ёғоч толали плиталар — ёғоч (ёки бошқа толали ўсимлик пояси)нинг толали массасини қолипга қуйиб, пресслаб ва қуритиб олинадиган ёғоч материаллар. Асосий маҳаллий хом ашёлар (қурилишга ишлатилмайдиган ёғоч, яъни ўтин, ёғочга ишлов беришда чиқадиган чиқиндилар, қоғоз макулатура, сомон, ўсимлик ўзаклари) нинг кўплиги ва арзонлиги туфайли бундай плиталар кўплаб ишлаб чиқарилади. Толали масса термомеханик, механик ва кимёвий механик усулларда олинади. Бунинг учун масса нам ҳолатда боғловчи моддалар қўшилмасдан, қуруқ ҳолатда толали массага 4—8% синтетик смола қўшиб тайёрланади. Плиталарнинг хоссаларини яхшилаш учун уларга парафин, канифоль, синтетик смола, антисептик моддалар қўшилади. Уларнинг сувга чидамлилигини ошириш учун тола массасига парафин, смола, мойли эмульсиялар, алюминий сульфат қўшилади. Плиталар қуйиш машиналарида қолилланади. Плиталарнинг ўта қаттиқ, чала қаттиқ, ҳимояпардозлашда ва изоляцияда ишлатиладиган хиллари бор. Каттик ва ўртача қаттиқ плиталар кўп қаватли прессларда 135—180° трада, қаттиқ ҳамда ўта қаттиқ плиталар 150 — 170° трада «тобланиб», массасига нисбатан 5—7% намланиб прессланади. Ўта қаттиқ ва қаттиқ плиталарнинг мустаҳкамлик чегараси 50 МН/м2 (500 кгкуч/ см2) гача; уз. 1200—3600 мм, эни 1000 — 1800 мм, қалинлиги 3—8 мм ли қилиб ишлаб чиқарилади. Улар турар жой ва саноат биноларида қаватлараро ораёпмалар, том ҳамда деворларни иссиқлик сақлайдиган қилиш, хонани безаш ва б. учун ишлатилади. Ёғоч қипиқли плиталар — (ёғоч қипиғи)ни боғловчи моддалар билан иссиклайин пресслаб олинадиган қурилиш ва мебелчилик материали. Бир, уч, беш ва кўп қатламли; бир қатламли яхлит ҳамда ичи тешикли; зичлиги жуда кам (350—450 кг/м3), кам (450 — 650 кг/ м3), ўртача (650—800 кг/м3) ва юқори (700—800 кг/м3) хиллари бор. Боғловчи модда сифатида мочевиноформальдегид, фенолформальдегид ва б. смола (қатрон) лар ишлатилади. Бир қатламли плиталарда қипиқларнинг ўлчамлари ва боғловчи моддалар миқдори плитанинг бутун қалинлиги бўйича бир хил бўлади. Уч ва беш қатламли плиталарнинг бир ёки иккала томони ички қатламига нисбатан анча майда қипиқ ҳамда боғловчи моддалар кўпроқ бўлади. Бундай плиталарнинг сирти силлиқ ва мустаҳкам бўлади. Плиталарнинг физикмеханик хоссалари ҳажмий массасига, қипиқларнинг шакли ва ўлчамларига, қатламлар сонига, боғловчи моддалар сифатига боғлиқ бўлади. Бундай плиталар яхлит ёғоч плиталарга караганда биологик таъсирларга чидамли. Улар мебель саноатида, қурилишда, халқ хўжалигининг бошқа соҳаларида ишлатилади.