ЗАХМ

ЗАХМ, люэс, сифилис — барча аъзо ва системаларнинг зарарланиши билан кечадиган сурункали таносил (венерик) касаллиги. 3. қадимдан маълум. Унинг ер юзида пайдо бўлиши ва тарқалиши ҳақида турли фикр ва назариялар мавжуд. Кўп олимлар фикрига кўра, Христофор Колумбнинг 3. билан касалланган матрослари Испанияда 3. тарқалишига сабаб бўлишган. 1496 й. да эпидемия бошланиб, Италия, Франция, Швейцария, Германия, кейин Австрия, Венгрия ва Польшага тарқалган. Айрим олимлар 3. Европа, Осиё ва Яқин Шарқда қадим замонларда ҳам мавжуд бўлган деган фикрдалар. Ўтмишнинг буюк олимлари Гален, Гиппократ, Абу Али ибн Сино ва б. нинг асарларида ёзилган касаллик белгилари (яра, афта, кондилома ва б.) айнан 3. клиникасини эслатади. 3. 16а. бошларида деярли бутун дунёда пайдо бўлган. Захмни оқиш трепонема (спирохеталар) қўзғатади (бу микроорганизм анилин бўёғи билан ёмон бўялганлиги учун оқиш дейилади). У бемор қонида, теридаги ярада, лимфа тугунлари, орқа мия суюқлигида, сўлагида, нерв тўқималари ва ҳамма аъзоларида, ҳатто 3. билан оғриган аёл сутида ва эркак шаҳватида ҳам бўлади. Оқиш трепонема организмдан ташқарида қуритилганда ўлади, лекин нам муҳитда (мас, шаҳват, сўлакда, қин шилимшигида) узоқ яшайди. Бемор 3. тарқатадиган манбадир; у соғлом киши билан ўпишганда, жинсий алоқа қилганда ёки унинг идиштовоқларидан фойдаланганда касаллик юқади. Кейинги йилларда қон қуйиш йўли билан ҳам (трансфузион) 3. юқиш ҳоллари аҳёнда кузатилади. Оқиш трепонема терига ёки шиллиқ пардага киргач, тез кўпаяди ва лимфа томирлари орқали бутун организмга тарқалади. 3. билан касалланган одам аввал ўзини мутлақо соғлом сезади, 3—4 ҳафтадан кейин (яширин — инкубацион давр тугагач) оқиш трепонемалар кирган жойда Захмнинг биринчи белгиси — оғримайдиган бирламчи сифилома (қаттиқ шанкр) пайдо бўлади. Бемор фурункулёз, ўпка яллиғланиши, ангина, сўзак ва б. касалликлар сабабли бирор антибиотик билан даволанган бўлса, Захмнинг яширин даври анча чўзилиши мумкин. Бундай ҳолларда антибиотикнинг тегишли дозаси трепонемаларни йўқ қила олмай, уларнинг ривожланишини бир оз тўхтатиб қўяди, натижада яширин давр анча чўзилиб кетишидан ташқари, касаллик бошқача кечиши мумкин. Қаттиқ шанкр пайдо бўлиши билан Захмнинг биринчи даври бошланади: яра (шанкр)га яқин лимфа тугунлари яллиғланиб шишади, катталашади ва бир оз қаттиқлашади; кўпинча дармон қурийди, иситма чиқади, бош оғрийди, айниқса кечаси суяклар қақшаб оғрийди, уйқусизлик кузатилади. Бу давр 6—9 ҳафта давом этади ва ўз вақтида даво қилинмаса, иккинчи даврига ўтиб кетади: оғиз шиллиқ қавати, жинсий аъзолар, қўл, оёқ ва баданда доғ, тугунча ва ҳ. к. кўринишида катта-кичик, ранг-баранг тошмалар (йирингли тугунчали) пайдо бўлади; кўпчилик беморларнинг сочи тўкила бошлайди, суяк, бўғим, мускул, қон томирлар, юрак, кўз, қулоқ, ички аъзолар ва нерв системаси зарарланиши мумкин. Бу даврда бемор атрофдагилар учун ўта хавфли ҳисобланади. Иккинчи давр бошида пайдо бўлган тошма ҳеч қандай даво қилинмаса ҳам, бир қанча вақтдан кейин бутунлай йўқолиб кетади; бемор ўзини соғлом сезиб, қеч нарсадан шикоят қилмайди, лекин бу беморнинг дарди ариди ва у атрофдагиларга касаллик юқтирмайди, деган гап эмас. Бу фақат Захмнинг латент ёки яширин даври, холос. Бемор қунт билан даволанса, соғайиб кетади. Даво қилмай қўйса, касаллик тўсатдан қайталаниб (рецидив), иккинчи даврнинг ҳамма белгилари намоён бўлади ва бир қанча вақтдан кейин улар яна йўқолади. Бу жараён бир неча марта такрорланиши мумкин. Ҳар галги қайталаниш олдингисидан фақат кам тошма тошиши билан фарқ қилади. Бемор врач айтганларини қилмаса, спиртли ичимликлар истеъмол қилса, тахм. 3—5 йилдан кейин иккинчи давр Захмнинг охирги, учинчи даврига ўтади: олча данагидек дўмбоқчалар ёки тухумдек, баъзан ундан каттароқ гуммалар пайдо бўлиб, тўқималарни емиради, ярага айланади ва чандиқланиб битади. Касаллик оқибати гуммалар ўрнашган жойга боғлиқ. Мия, юрак, томир, жигар каби ҳаёт учун муҳим аъзолар зарарланса, бемор ҳаёти хавф остида қолади; юз зарарланган бўлса, бурун скелети емирилиб, бемор бадбашара, бурни эгарсимон бўлиб қолади. Ҳаракат, кўрув, эшитув аъзолари, нерв системасининг зарарланиши кишини умрбод майиб қилиб қўяди.

3. ҳамма вақт ҳам учинчи даврга ўтавермайди. Бемор касалликнинг биринчи даврида даволана бошласа, иккинчи даври пайдо бўлмай тузалиб кетади. Бемор вақтида даволанмай, касаллигини ўтказиб юборса, Захмнинг уччала даври бирин-кетин рўй беради. Захмнинг биринчи давридаёқ нерв системаси зарарланади, лекин бу учинчи даврда жуда оғир ўтади — орқа мия сўхтаси ва авж олувчи фалажга сабаб бўлади; бунда янги даво воситалари ҳам беморга фойда бермай қўяди.

Касал она даволаш курсини тўлиқ ўтмаган бўлса, 3. боласига ўтиши мумкин. Аёлнинг бўйида бўлишидан олдин ёки ҳомиладорлик даврида эркак унга 3. юқтирганда ҳам касаллик болага ўтади. Бу ирсий эмас, туғма Захм дир. 3. аёлнинг фарзанд кўрмаслигига сабаб бўлмайди, бироқ ҳомиладор 3. билан оғриб даволанмаса, одатда, ҳомиладорликнинг 4—5 ойида боласи тушади ёки 3. боланинг чала (7—8 ойлигида) мажруҳ, баъзан улик туғилишига сабаб бўлади. 3. белгилари йўклиги учун унинг яширин даврини ўтаётган она ўзини соғлом ҳис қилади ва кўпинча дарди жуда оғир, 3. билан касалланган бола туғади. Етук туғилган болада биринчи кунлари ёки биринчи ой охири ёки иккинчи ой бошида туғма 3. белгилари намоён бўлади. Суяклар зарарланиши қаттиқ оғриққа сабаб бўлиб, бола ухлай олмайди ва йиғлай беради; баданига доғга ўхшаш ва тугунсимон жуда кўп тошма тошади; кўпинча ички аъзолар, нерв системаси ва сезги аъзолари зарарланади. Кечиккан туғма 3., одатда, бола 5 ёшдан балоғатга етгунча рўй бериши мумкин. Даволанмаган ёки чала даволанган болалардагина кечиккан туғма 3. ҳаёт учун хавфлидир.

Давоси. Бемор врач айтганларини қилиб, қунт билан узоқ даволаниши керак. 3. даврларига қараб махсус даво тадбирлари белгиланади, захмга карши дорилар буюрилади. Беморлар венерология диспансерларида ҳисобга олиниб, мунтазам текшириб турилади. Касаллигини яшириб, даволанмай юрган ёки давоми тўхтатиб қўйган беморлар қонун йўли б-н мажбурий даволанади.

Олдини олиш. Диспансерлар 3. б-н оғриган бемор оила аъзоларини, у б-н жинсий алоқада бўлган кишиларни текширади, бемор кимдан касаллик юқтирганини аниқлайди ва Захмнинг тарқалишига йўл қўймаслик тадбирларини кўради.

Ад.:Арифов С, Эшбоев Э., Тери ва таносил касалликлари, Т., 1997.

Саидқосим Арифов.


Кирилл алифбосида мақола: ЗАХМ ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: З ҳарфи фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



ИБН СИНО
Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ФРАНЦИЯ
ИТАЛИЯ
ВЕНГРИЯ


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты