ЗИНГЕР (Singer) Айзек (Исаак) Башевис (1904. 14. 7, Польша, Радзимин — 1991. 24. 7, АҚШ, Майами) — яхудий ёзувчиси. Келиб чиқиши польшалик. 1935 й. дан АҚШда истиқомат қила бошлаган. «Горэдаги Иблис» (1935), «Гимпел — аҳмоқ» (1956), «Қисқа жума куни» (1965), «Табака» (1965), «Кафканинг дўсти ва бошқа ҳикоялар» (1969), «Ўчоқ олдидаги ҳикоялар» (1971), «Ойина ва бошқа ҳикоялар» (1975) ва б. ҳикоялар тўпламларининг муаллифи. «Москат оиласи» (1950), «Қул» (1957), «Люблинлик кўзбоғловчи» (1965), «Қўрғонча» (1975), «Шоша» (1981) романлари бор. 3. насрига хос хусусият шуки, у ўз қаҳрамонларини кўпинча муболағали ҳолатда тасвирлайди, ақл бовар қилмайдиган мазмун ҳамда мураккаб шакллар унинг асарларида етакчилик қилади. Нобель мукофоти лауреати (1978).