Истеъдодли адиб ва журналист Ўктам Усмонов ижодининг бошланиши 50-йилларнинг сўнги, 60-йилларнинг бошларига тўғри келади. Ҳикояларида адибнинг инсон ва инсонийлик ҳақидаги мушоҳадалари ранг-баранг образлар, ҳаётий деталларда умумлаштирилади.
Ўктам Усмоновнинг «Гирдоб» романида адолат билан ноҳақлик, садоқат билан хиёнат ўртасидаги кураш маҳорат билан тасвирланган.
Ўктам Усмонов мазкур роман Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасининг Ойбек номидаги мукофотига сазовор бўлган.
Истеъдодли адиб ва журналист Ўктам Усмонов қисқа умр кўрган бўлса-да, адабиётимиз хазинасидан муносиб ўрин оладиган «Гирдоб» каби ажойиб роман қолдириб кетган санъаткордир.
У 1938 йилда Тошкент вилоятининг Қибрай тумани Байтқўрғон қишлоғида боғбон оиласида туғилди.
Ўрта мактабни тугатгандан сўнг Тошкент педагогика институтига кириб ўқиди. Уни муваффақиятли тугатгач, аввал республика газеталарида хизмат қилди. 1972-1982 йилларда республика партия Марказий Қўмитасида масъул вазифада, сўнг Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмасида котиб ҳамда «Ўзбекистон овози» газетасида бош муҳаррир вазифаларида иш олиб борди.
Ўктам Усмоновнинг биринчи ҳикоялар тўплами 1964 йилда «Гулдаста» номи билан чоп этилди. Шундан сўнг 1965 йилда «Баҳс бойлашган бола», 1970 йилда эса «Баҳор чақмоқлари» номли ҳикоялари ва илк қиссаси нашр этилади. Сўнгра адибнинг «Нотинч кеча» (1976), «Сирли соҳил» (1981) каби ҳикоялар тўплами ўқувчига тақдим этилади. Ушбу ҳикояларда адибнинг инсон ва инсонийлик ҳақидаги мушоҳадалари ранг-баранг образлар, ҳаётий деталларда умумлаштирилади.
У қиссанавис сифатида «Баҳор чақмоқлари», «Кишан», «Қисмат» каби бир қатор жиддий асарлар ҳам яратди. Сўнгги икки асар адабий танқидчилик томонидан яхши баҳоланди. Ўктам Усмонов ижодида «Гирдоб» (1979) романи алоҳида ўрин тутади. Унда адолат билан ноҳақлик, садоқат билан хиёнат ўртасидаги кураш маҳорат билан тасвирланган.
Адиб 1990 йил 3 январда вафот этган.