Маълумки, Ўрта асрда Бағдодда вужудга келган илмий мактаб - «Ҳикматлар уйи» («Байт ул-ҳикмат») Шарқ халқлари фани тарихида алоҳида аҳамият касб этди. Бу марказда фаолият кўрсатган алломалар ўша давр илмлари, хусусан, аниқ фанларнинг ривожига салмоқли ҳисса қўшиб, Қадимги юнон, ҳинд ва бошқа халқлар илмий меросини ўқиб ўргандилар, уларни таҳлил қилиб, янги ғоялар билан бойитдилар.
Натижада, уларнинг қаламига мансуб бўлган қатор асарлар пайдо бўлдики, бу асарлар Ўрта аср илмининг ноёб дурдоналарига айланди.
IХ-ХI асрларда бутун мусулмон Шарқ фани ва маданияти тараққиётида Марказий Осиё донишмандлари етакчи мавқени эгаллаган бўлса-да, мусулмон маданиятининг «олтин даври» деб эътироф этилган ушбу даврда яшаган бу алломаларнинг ҳаёти ва фаолияти ҳозирга қадар тўлиқ аниқланмаган.
Марказий осиёлик олимларнинг маълум қисми халифа ал-Маъмун тарафидан танлаб олиниб, пойтахт Бағдодга олиб кетилган. Улар орасида хоразмлик буюк аллома Муҳаммад ал-Хоразмий, фарғоналик машҳур астроном Аҳмад ал-Фарғоний, ўша даврдаги Фороб (ҳозирги Гавҳартепа) минтақасидан чиққан йирик астроном ва математик ал-Аббос ал-Жавҳарий, Бағдод ва Дамашқ шаҳарларидаги астрономик тадқиқот ва кузатишларнинг ташкилотчиси марвлик Яҳё ибн Абу Мансур ва бошқалар бўлган.
Бағдод илмий мактабида фаолият кўрсатган йирик астроном ва математиклардан яна бири Аҳмад ибн Абдуллоҳ ал-Марвазий бўлиб, у «Ҳабаш ал-Ҳосиб» («Ҳабаш ҳисобчи») лақаби билан танилган. Унинг исмидаги ал-Марвазий рутбаси эса муаллифни ҳозирги Туркманистоннинг Байрам Али шаҳри яқинидаги Марвдан эканлигини кўрсатади. Олимнинг исми ва баъзи асарлари ўрта аср муаллифларидан Ибн ан-Надим (Х аср), Ибн ал-Қифтий (1173-1248) ва Ҳожи Халифалар (1609-1657) томонидан зикр этилади.
Жумладан, Ибн ан-Надим уни юз йилдан ортиқ яшаган, деб маълумот бериб, Марвазийнинг еттита китобининг номини санаб ўтади. Ибн ал-Қифтий эса унинг асли келиб чиқиши Марвдан бўлиб, халифа ал-Маъмун ва ал-Муътасим замонида Бағдодда фаолият кўрсатганлигини айтади. Олимнинг яшаган умрини Ибн ал-Қифтий юз йиллар атрофида деб хабар беради.
Келтирилган маълумотлардан кўриниб турибдики, Аҳмад ал-Марвазий узоқ умр кўрган. Фан тарихига оид библиографик китоблардан бу олимни 770-870 йиллар мобайнида яшаб ўтган деб тахмин қилинади. Аҳмад ал-Марвазий «Зиж» («Астрономик жадваллари») деб аталадиган «Дамашқ зижи» («аз-Зиж ал-маъруф би-д-Дамашқий»), «Зиж» (бу зиж Бағдод шаҳри учун тузилган) ва «ал-Маъмуннинг текширилган зижи» («аз-Зиж ал-Ма'муний ал-мумтаҳан») асарларининг муаллифидир.
Ибн ал-Қифтий ал-Марвазий «Шоҳ учун зиж» («аз-Зиж ал-Шаҳий») номли яна бир кичик ҳажмдаги рисоланинг ҳам муаллифи деб кўрсатади. Лекин бу рисола юқоридаги зикр этилган «зиж»ларнинг бирортаси бўлиши мумкин. «Дамашқ зижи» ҳозирда Истамбулда сакланмокда. Ал-Марвазий ўзининг бу асарини ўша даврда «Синдҳинд» номи билан машҳур бўлган ҳинд астрономик жадвалларини қайта ишлаш асосида ёзган.
Ундаги баъзи масалалар Иброҳим ал-Фазарий, Муҳаммад ал-Хоразмийнинг «зиж»ларидан фарқланади. Олимнинг Бағдод шаҳри учун ёзилган иккинчи «Зиж»и Берлинда сақланмоқда. Берунийнинг «Қадимги халқлардан қолган ёдгорликлар» ва «Геодезия» асарларидаги маълумотларга қараганда, бу китоб кейинги давр астрономлари тарафидан ҳурмат билан тилга олинган.
Учинчи «ал-Маъмуннинг текширилган «зижи» ҳам ўз вактида катта шуҳрат қозонган бўлиб, халифа ал-Маъмун бир гуруҳ олимларга Қадимги юнон астрономларининг китобларида келтирилган маълумотларни тажрибалар асосида қайтадан текшириб чиқиш вазифасини юклаган ва тажриба натижалари ўлароқ, ушбу асар дунёга келган. Бу асарда ўша давр астрономиясининг барча ютуқлари мужассам этилган ва Ўрта аср манбаларида баъзан Яҳё ибн Мансур ва Аҳмад ал-Марвазий, баъзан эса ўша даврнинг бошқа астрономлари тарафидан битилган, деб келтирилади.
Бундай асарнинг яратилишида кўпчилик иштирок этган бўлиши керак, деган хулоса келиб чиқади. Шунга қарамасдан, мутахассислар ал-Маъмун «зижи»ни Яҳё ибн Мансур бошлаб, Аҳмад ал-Марвазий якунлаган бўлиши керак, деган тахминни қиладилар. Умуман эса, ал-Марвазий ал-Маъмун даврида олиб борилган тажриба ва илмий тадқиқотларда энг фаол иштирок этган олимлардан бўлиб, 832-833 йилларда Синжар саҳросида ер меридианининг бир даражасини ўлчаш ишларида ҳам қатнашган.
Ал-Марвазийнинг йигирмага яқин номдаги асарлари рўйхатида биз астрономик жиҳозлар — астролябиялар, қуёш соати ва зат ал-ҳалакларга бағишланган рисолаларни учратишимиз мумкин. Афсуски, уларнинг катта қисми бизгача етиб келмаган.
Олимнинг астрономиядаги ютуқларига қарамасдан, унинг асосий хизматлари тригонометрияда деб топилган. Бу фикримизнинг мағзини ал-Марвазийнинг фанга биринчи бўлиб олиб кирган тангенс ва котангенс тушунчалари ва уларнинг функциявий жадваллари ташкил этади. Олимнинг асарларида баён қилинган тангенс, котангенс ва косеканс тушунчалари тригонометрия ривожига қўшилган улкан ҳисса бўлди.
Ибн ан-Надим ўзининг «ал-Фихрист» китобида ал-Марвазийга оид яна икки муҳим маълумотни келтиради. Улардан бири ал-Марвазийнинг Абу Жаъфар ибн Аҳмад ибн Абдуллоҳ ибн Ҳабаш исмли ўғли бўлиб, у ҳам астрономия билан шуғулланган ва «Ясси астролябия» («Китаб ал-астурлаб ал-мусаттаҳ») номли китобнинг муаллифи эканлигидир. Иккинчиси эса, IХ асрдаги машҳур астролог ва астрономлардан бири Муҳаммад ибн Базяр биз ҳикоя қилаётган ал-Марвазийнинг ўқувчиларидан деб эътироф этилишидир. Бу эса Аҳмад ал-Марвазийни нафақат машҳур олим, балки етук шогирдлар тайёрлаган моҳир устоз бўлганидан ҳам далолат беради.