Одатда, бирор ёзувчи ҳақида сўз кетаркан, энг яхши асарлари ва улардаги етакчи қаҳрамонлар билан бирга, ёзувчининг ижодкор сифатидаги ўзига хос маънавий, ижодий олами тилга олинади. Болаларнинг севимли ёзувчиси, драматург, таржимон Маҳмуд Муродов тўғрисида гапирганда, боғча ва мактаб ёшидаги кичик болаларга аталган кўплаб китоблари билан бирга, адибнинг болажонлиги эсга келади.
Маҳмуд Муродовнинг ижодий йўли бошқа ёзувчиларникидан жуда фарқли.
“Мактабда ўқиб юрган кезларим, “Олмазор” маҳалласи чойхонасида бошқалар учун газеталар ўқиб берардим. Марҳум Баҳром Раҳмонов билан биргаликда “Қизил ёнғин” тўгарагини ташкил этиб, А.Икромов номидаги клубда томошалар кўрсатар эдик. Институтни битиргунга қадар, Тошкентдаги 9, 17-болалар уйида тарбиячи бўлиб ишладим. Шу даврда “Вожатий” (“Раҳбар”) журнали билан фаол ҳамкорлик қила бошладим”, эслайди адиб.
Ўша даврдан бошлаб, ёш ёзувчининг ижодий фаолияти матбуот билан чамбарчас боғланади. “Степан Разин” (1941), “Ўртоқларинг сен билан” (1951), “Капитан хоними” (1959), “Тутқунликдаги жангчилар” (1964) каби кўплаб қисса, ҳикоя ва эртаклар таржимаси М.Муродов учун чинакам маҳорат мактаби бўлди.
М.Муродов китоблари сони жиҳатидан мақтовга лойиқ эмас. Улар: “Яхши амаки”, “Сирли дон”, “Энг маза жой”, “Кўприк”, “Ким энг кучли”, “Саноқ”, “Боғча бола”, “Кичик шифокор”. Унинг эртак ва ҳикоялари ёзувчининг шахсий тўпламларидан жой олиш билан бирга, бошланғич синфлар дарсликларига ҳам киритилиб, кичик китобхонлар қалбидан чуқур жой олди.
Маълумки, болаларга бағишланган асарлар катталар адабиётидан фарқлидир. Кичкинтойларга бағишланган бадиий асарлар тили, услуби, мавзуси, тузилиши жиҳатдан фарқланса-да, тарбиявий аҳамиятига кўра муштаракдир.
Маҳмуд Муродовнинг “Боғча бола”, “Каска”, “Бахтини топган Баҳринисо”, “Ким энг яхши?”, “Салом, Қуёш бобо!”, “Жонли сурат” каби ҳикоя ва эртаклари болаларга таниш ҳаёт мавзуларда ёзилган. Ўз қаҳрамонларини яратар экан, адиб бунга жуда масъулият ила ёндашади ва ҳатто, қаҳрамонларининг хатти-ҳаракатлари-ю, феъл-атворидаги жиҳатларга ҳам аҳамият беради.
Болаларнинг севимли ёзувчиси Маҳмуд Муродовнинг ижоди нафақат бугунги кун, балки келажак авлодни тарбиялаш учун ҳам хизмат қилади.