Ўзбек адабиётида публицист, очеркнавис ва драматург сифатида танилган Назир Сафаровга 1955 йилда драматургия соҳасидаги катта хизматлари учун «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони берилган, 1968 йилда эса Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти лауреати бўлган.
Ўзбек адабиётида публицист, очеркнавис ва драматург сифатида танилган Назир Сафаров 1905 йили Жиззах шаҳрида, темирчи оиласида туғилди.
У янги мактабларда ўқиди, биринчи зиёлилар қатори узоқ қишлоқларга бориб дарс берди. Жиззахда ташкил қилинган «Санойи нафиса» тўгарагидаги иштироки бўлғуси драматург тақдирини бир умрга белгилаб берди.
У 1975 йилда 70 ёшга тўлиши муносабати билан «Ўзбекистон халқ ёзувчиси» унвонига муяссар бўлган.
Назир Сафаров 1985 йилда 80 ёшида вафот этган.
Назир Сафаров ўзбек драматургиясининг шаклланишида маълум из қолдирган «Тарих тилга кирди» (1931), «Уйғониш» (1939), «Шарқ тонги» (1954) каби саҳна асарларини яратди.
Уруш даврида Назир Сафаров ҳарбий журналист сифатида фронтнинг олдинги жабҳаларида бўлиб, жангчиларнинг қаҳрамонлиги ҳақида ҳикоя қилувчи «Ўқ ўтмас ботир», «Водиллик қаҳрамон», «Комиссар Қорабоев», «Севги», «Сўнгги нафасгача», «Ўзбек фарзандлари», «Қаҳрамоннинг туғилиши» каби қатор очерклар ёзди.
Унинг урушдан кейинги даврда ҳаётдаги янгиликлар, яхши ташаббуслар тарғиботчиси сифатида яратган асарлари алоҳида диққатга сазовор. «Узоқни кўзлаган аёл» қиссаси шулар жумласидандир. Ёзувчининг 1954-1957 йилларда яратган замонавий мавзудаги катта асарлари «Ҳаёт мактаби», «Элмурод» (М.Худойқулов билан ҳамкорликда) пьесаларидир. Драматург сўнгги йилларда яратган «Кимга тўй, кимга аза» пьесасида ишчилар синфининг янгилик учун олиб борган кураши асосий мавзу қилиб олинган.
Драматургия соҳасидаги катта хизматлари учун Назир Сафаровга «Ўзбекистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби» унвони берилган (1955 йил).
Адиб Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 30 йиллигига бағишлаб, ўзбек жангчиларининг қаҳрамонликларидан ҳикоя қилувчи «Лукаш ботир» (Й.Худойқулов билан ҳамкорликда) драмасини яратган.
Назир Сафаров бир қанча ҳикоялар ҳам ёзган. «Олтиной», «Олма олмадан узоққа тушмайди», «Аҳмадали ўз бахтини қандай топди» ҳикоялари ғоявий-бадиий жиҳатдан пухталиги билан ажралади. Унинг «Бир томчи қон» (1967), «Кўрган-кечирганларим» (1968) номли қиссалари, «Наврўз» (1973) романи 60-йиллар адабиётида сезиларли воқеа бўлган. «Кўрган-кечирганларим» асари учун муаллифга Ҳамза номидаги Республика Давлат мукофоти берилган (1968).