Домла Ҳалим Ибодов

Анъанавий қўшиқчилик санъатимизнинг ёрқин намоёндаларидан бири Домла Ҳалим Ибодов Бухоро шаҳрида, тўқувчи оиласида дунёга келди. Ўн ёшидан таниқли хонанда ва созанда Уста Шароф раҳбарлигида доира чертиб, халқ қўшиқларини ижро эта бошлади. Устоз унга секин-аста «Шашмақом» намуналаридан таништира бошлади ва машҳур санъаткорлар Ота Жалол ва Ота Ғиёслар билан яқиндан танишишига ёрдам берди.

Ўн саккиз ёшидаёқ Бухорода етук хонанда бўлиб элга танилди. У мақом намуналарини жозибали овози билан ижро этар, шинавандалар қалбида завқ-шавқ уйғотарди. Ўзи устоз бўлиб ёшларга ашула, доира усулларидан дарс берарди. 1923 йилда Москвада биринчи қишлоқ хўжалик кўргазмасида Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Мулла Тўйчи Тошмуҳаммедов, Аҳмаджон Умрзоқов, Шораҳим Шоумаров, Ғулом Зафарий, Абдуқодир Исмоилов, Тўхтасин Жалиловлар билан биргаликда қатнашиб, зўр муваффақиятларга эришди. Сафардан қайтгач, машҳур хонанда ҳақида мана шундай мисралар ҳам битилди:

Москвага Домла Ҳалим қилди сафар.
Қўшиқ билан унда топди кўп зафар.

1928 йилда Самарқандда мусиқа ва хореография институти очилиши муносабати билан Домла Ҳалим Ибодов бу ерга таклиф қилинади ва мусиқашунос Н.Н.Миронов ундан «Шашма­қом»нинг кўпгина намуналарини ёзиб олади. Самарқандда у атоқли бастакор ва хонанда Ҳожи Абдулазиз Абдурасулов билан бирга ҳамнафас бўлиб, жуда кўп концертларда, сайлларда иштирок этди.

Домла Ҳалим Ибодов 1931 йилдан бошлаб Ўзбекистон радиосида ишлай бошлади. У ижро этган «Савти Сарвиноз», «Қаш­қарчаи ушшоқ» «Ироқ», «Насруллои», «Мўғулчаи дугоҳ», «Тўлқин», «Наврўзи Сабо» сингари ашулалар ҳозиргача олтин фондда сақланади.

1933-1934 йилларда мусиқашунос Е.Е.Романовская Домла Ҳалим ижросида қатор куй ва қўшиқларни, мақом йўлларини ёзиб олади. Устоз қатор анжуманларда, жумладан, 1932 йилда Республика санъат қурултойида, 1936 йилда санъаткорларнинг I-Республика конференциясида, 1937 йилда Москвада биринчи ўзбек декадасида қатнашиб, зўр муваффақиятларга эришди.

У жуда кўп иқтидорли шогирдларга устозлик қилди. Юнус Ражабий, Мухтор Ашрафий, Толибжон Содиқов, Мутал Бурхонов, Мардон Насимов, Дони Зокиров, Шариф Рамазонов, Наби­жон Ҳасанов, Олимжон Ҳалимов (ҳофизнинг ўғли, Ўзбекис­тон халқ артисти, бастакор) лар шулар жумласидандир.

Домла Ҳалим Ибодов санъатимиз олдидаги бебаҳо хизматлари учун «Ўзбекистон халқ ҳофизи» фахрий унвонига сазовор бўлган.

Домла Ҳалим Ибодов 1940 йилда вафот этди. Аммо бугунги кунгача унинг номи билан аталиб келинаётган Бухородаги санъат билим юрти устоз орзу қилган хайрли ишларни адо этиб келмоқда.


Кирилл алифбосида мақола: Домла Ҳалим Ибодов ҳақида тўлиқ маълумот категорияси: Энсиклопедия фикрингиз бўлса изоҳда қолдиринг ва дўстларингиз билан улашинг биз бундан минатдор бўламиз бизни кузатишни давом этинг (у ким, бу нима, қанақа ?, тушунчаси деган саволарга жавоб топишингиз мумкин)



Туш таъбири 2019. Туш таъбири 1001.
ШАШМАҚОМ
БУХОРО ВИЛОЯТИ
ЮСУФЖОН ҚИЗИҚ
Тошмуҳаммедов Тўйчи Ҳофиз


Добавить комментарий

Категории
Популярные тексты